Японияда ер юк машинасини “ютиб юборди”
Кун чиқар юрт пойтахти Токио яқинидаги Яшио шаҳри кўчаларидан бирида катта ўра пайдо бўлди. Сешанба куни бахтсиз ҳодиса юз бериб, бир юк машинаси чуқурга тушиб кетди. Ён-атрофдаги йўллар ҳам емирилиши қутқарув ишларига тўсқинлик қилди. Расмийлар шу ҳудуддаги 200 хонадонни кўчириш бўйича кўрсатма берган. Воқеа ҳақида BBC хабар тарқатди.
Маҳаллий оммавий ахборот воситалари ёзишича, жабрланувчи-ҳайдовчи 74 ёшда. Сўнгги соатларда у билан боғланишнинг имкони бўлмаяпти.
Кенглиги тахминан 10, чуқурлиги 5 метр келадиган ёриқ йўл кесишмасида пайдо бўлган. Фавқулодда ҳолатга ер ости оқова қувури ёрилиши сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.
Янаям чуқурроқда газ қувури бор. Демак, ёнилғи сизиб чиқиши эҳтимолидан хавотир ҳам йўқ эмас.
Япония шаҳарларида йўл ёрилиб, ўра ҳосил бўлиши тез-тез кузатилади, чунки ер ости қувурлари инфратузилмаси эскирган.