Янги маърифат ўчоғи ташкил қилинади

124

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Риштон анъанавий кулолчилиги тарихи музейи фаолиятини йўлга қўйиш тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, Фарғона вилояти Риштон туманининг “М.Топиволдиев” МФЙ Тўқимачи кўчасидаги 20а-уйда жойлашган, Савдо-саноат палатасига тегишли бўлган бинода Риштон анъанавий кулолчилиги тарихи нодавлат музейи ташкил этилади.

Музейнинг асосий вазифалари:

музей ашёлари ва коллекцияларини аниқлаш, тўплаш ва сақлаш;

маданий, маърифий, илмий ва таълим фаолиятини амалга ошириш;

ёшларни “устоз-шогирд” ананалари асосида кулолчилик ҳунарига ўргатиш;

кулолчиликнинг бой маданий мероси, инсоният тарихидаги ролини ҳаққоний ёритиш; экспозицияларни ташкил этишда замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш;

чет эл музейлари билан кўргазмалар ташкил этиш борасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатишдан иборат бўлади.

Риштон анъанавий кулолчилиги тарихи музейини ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳ таркиби тасдиқланди.

Қуйидагилар ишчи гуруҳнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

музей концепциясини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

музей фаолиятини йўлга қўйиш;

музей фонди таркибига киритилган музей ашёлари ва коллекцияларининг бут сақланишини таъминлаш ҳамда текшириб бориш;

музейнинг аҳоли ва сайёҳларга сифатли хизмат кўрсатиши учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш;

музейда маданий-маърифий, тарғибот-ташвиқот, илмий-тадқиқот ишлари савиясини ошириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун ҳомийлар маблағларини жалб этиш;

хорижий тажрибаларни ўрганган ҳолда, доимий равишда музей фаолиятини такомиллаштириб бориш;

музейни замонавий интерфаол ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминлаш;

музейни малакали кадрлар билан тўлдириш.

ЎзА