Тошкентда “Study UK Alumni Awards 2025” ғолиблари тақдирланди

Буюк Британиянинг мамлакатимиздаги элчихонасида “Study UK Alumni Awards 2025” танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур элчихона ва Британия Кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирда ҳукумат вакиллари, таълим соҳаси мутахассислари, тадбиркорлар, таълим дастурлари битирувчилари, “Alumni Awards” ғолиблари ва 2025 йилги танлов қатнашчилари иштирок этди.
Тадбирда Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Тимоти Смарт ҳамда Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги директори Дениз Воддингхем таълим соҳасидаги ҳамкорлик яхши самара бераётганини таъкидлади.
Шунингдек, Буюк Британияда таълим олган ўзбекистонлик битирувчиларнинг бизнес соҳасидаги профессионаллиги, тадбиркорликдаги ютуқлари, инновацион ижодкорлиги ва жамият етакчилигидаги муваффақиятлари икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этаётгани қайд этилди.
Айтиш жоизки, “Study UK Alumni Awards” дастури бутун дунё бўйлаб Британия университетлари битирувчиларининг юксак ютуқларини эътироф этади. Ушбу мукофот сўнгги ўн бир йил мобайнида мазкур мамлакат олийгоҳларини тамомлаб, ўз билим ва кўникмаларини жамият тараққиёти ҳамда мамлакатнинг турли соҳаларини ривожлантиришга самарали татбиқ этган етакчиларга тақдим этиб келинмоқда.
Жорий йилда номзодлар танловнинг “Бизнес ва инновациялар”, “Маданият ва ижодкорлик”, “Илм-фан ва барқарорлик” ҳамда “Ижтимоий ташаббус” номинациялари бўйича ўз салоҳиятини синаб кўрди.
Мустақил ҳакамлар ҳайъати танловнинг ушбу тўрт номинация бўйича ғолибларни саралади.
Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Тимоти Смарт таъкидлаганидек, билимга чанқоқ мутахассисларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш амалий натижа беради.
– Элчиси сифатида инсонлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва қўллаб-қувватлаш менга катта мамнуният бағишлайди. Ғолиблар икки давлат ва халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик қандай юксак натижаларга олиб келиши мумкинлигини яққол намоён этмоқда. Ишончим комил, уларнинг муваффақияти мамлакатингиз тараққиёти ва барқарорлигига улкан ҳисса қўшади, – деди элчи.
Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги директори Дениз Воддингхем ўзбекистонлик мутахассисларнинг ўз билим ва тажрибасини амалиётда кенг қўллаётгани қувончли эканини таъкидлади:
– Ўзбекистонда қобилиятли ва иқтидорли ёшлар жуда кўп. Ҳозирда 10 мингдан ортиқ ўзбекистонлик талаба Буюк Британия таълим дастурлари бўйича таҳсил олмоқда. Британия улар учун чет элда ўқишда энг мақбул танловлардан бирига айланиб бормоқда. Биз ўз фаолиятимиз орқали уларни таълим ва касбий ривожланиш йўлида қўллаб-қувватлаётганимиздан фахрланамиз, – деди Дениз Воддингхем.
Маросим якунида “Study UK Alumni Awards 2025” танлови ғолиблари тақдирланди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА