«E-KON» лойиҳаси халқаро танловда «Йилнинг энг яхши лойиҳаси» деб топилди

169

«Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан амалга оширилган «E-KON» лойиҳаси «Global CIO» халқаро профессионал IT ҳамжамияти томонидан ёқилғи-энергетика соҳасидаги «Йилнинг энг яхши лойиҳаси» деб эълон қилинди.

Мазкур мукофот Ўзбекистоннинг рақамли трансформация соҳасида эришган ютуқларидан бири сифатида қайд этилиб, мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини янада мустаҳкамлади.

«E-KON» лойиҳаси «Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасида амалга оширилаётган муҳим ислоҳотлардан бири ҳисобланади. Ушбу ташаббус «Ўзбекнефтгаз» АЖ тасарруфидаги конларни рақамлаштириш орқали самарадорликни оширишга қаратилган.

Лойиҳа доирасида 80 дан ортиқ газни тайёрлаш қурилмаси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бу эса конларда қазиб олинаётган газни реал вақт режимида онлайн назорат қилиш ҳамда зарурат туғилганда фавқулодда чоралар кўриш имконини яратди.

«Global CIO» халқаро танлови дунёнинг энг илғор IT лойиҳаларини аниқлаш ва уларни кенг жамоатчиликка таништириш мақсадида ҳар йили ўтказилади. 2024 йилда танловга 30 дан ортиқ давлатдан 129 та лойиҳа тақдим этилган. Ғолиблар орасида Ўзбекистон, Хитой, Бразилия, Ҳиндистон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Беларусь, Малайзия, Туркия ва АҚШ компаниялари ҳам бор.

Шунингдек, «Ўзбекнефтгаз» АЖ ахборот-коммуникация технологиялари департаменти бошлиғи Инъом Норқулов «Global CIO» халқаро профессионал IT ҳамжамияти томонидан дунёнинг энг фаол IT-лидерлари қаторига киритилди.

Н.Зиёдуллаева тайёрлади,

ЎзА