Маҳоратли касб эгалари танлови

Самарқандда 29-31 январь кунлари “Worldskills Samarkand-2025” V Миллий касблар чемпионати ўтказилмоқда.
Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида чемпионатнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 16 октябрдаги “Касбий таълимда малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш ва халқаро таълим дастурларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида касбий таълим муассасаларида тайёрланаётган ўрта бўғин кадрларини халқаро таълим стандартлари асосида тарбиялаш мақсадида техникум ўқувчиларининг касблар бўйича халқаро мусобақаларда иштирокини таъминлаш вазифаси белгиланган.
Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Самарқанд вилояти олий таълим, фан ва инновациялар бошқармаси ташаббуси билан Олий таълим фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда “Worldskills Uzbekistan” ишчи касбларни ривожлантириш ва оммалаштириш ассоциацияси билан ҳамкорликда “Worldskills Samarkand-2025” V Миллий касблар чемпионати ташкил этилди.
Чемпионатнинг очилиш маросимида Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Шоҳрух Далиев, Ишчи касбларни ривожлантириш ва оммалаштириш ассоциацияси бошқарув раиси Фаррухжон Жўраев, Швейцариянинг Ўзбекистонда касбий таълим ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш лойиҳаси раҳбари Симоне Страсбургер ва бошқалар сўзга чиқиб, иштирокчиларга муваффақият тилади.
Шунингдек, 2022 йилнинг октябрь ойида Франциянинг Бордо шаҳрида бўлиб ўтган 46-халқаро «Worldskills» чемпионати ғолиби Акбар Абдураҳимов сўзга чиқиб, иштирокчиларга омад тилади ва халқаро майдондаги муваффақиятларни давом эттириш лозимлигини таъкидлади.
“WorldSkills” мусобақаси илк бор 1947 йилда Испанияда Иккинчи жаҳон уруши натижасида вайрон бўлган давлатларнинг айримларида ёшлар учун янги иш ўринларини яратиш мақсадида ташкил этилган. Ишчи касблар бўйича жаҳон чемпионати ҳар икки йилда бир марта ўтказилади ва “ишчилар учун олимпиада” деб ҳам номланади. Унда 22 ёшгача бўлган йигит-қизлар иштирок этади.
“Worldskills Samarkand-2025” V Миллий касблар чемпионатида юртимиздаги 66 та техникумнинг энг моҳир ўқувчилари иштирок этмоқда. Мақсад энг маҳоратли мутахассисларни рағбатлантириш ҳамда жорий йилнинг 23-27 ноябрь кунлари Тайванда ташкил этиладиган “WorldSkills Asia Competition Taipei 2025” халқаро касблар чемпионатида иштирок этадиган иштирокчини аниқлашдан иборат.
Очилиш маросими концерт дастури билан давом этди.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА мухбирлари