Ядро энергетикасида янги давр бошланадими?

193

Халқаро энергетика агентлиги (ХЭА) томонидан “Ядро энергетикасининг янги даври сари” номли ҳисобот тақдим этилди. Унда атом энергетикасининг жаҳондаги аҳамияти, ривожланиш истиқболлари ва дуч келаётган муаммолар ҳақида батафсил маълумот берилган.

ХЭА маълумотларига кўра, 2025 йилга келиб атом реакторлари орқали электр энергия ишлаб чиқариш рекорд даражага етиши кутилмоқда.

ХЭА ижрочи директори Фатих Бирол бу ҳақда шундай дейди: “Бугун аёнки, бир неча йил олдин ХЭА башорат қилган ядровий энергетиканинг қайта жонланиши аллақачон бошланди. 2025 йилга келиб атом реакторларида электр энергия ишлаб чиқариш рекорд даражага чиқади”.

Ҳозирги кунда дунёда 70 ГВтдан зиёд янги атом генерацияси қурилаётгани қайд этилди. Бу кўрсаткич охирги 30 йилда кузатилган энг юқори даража ҳисобланади. Шу билан бирга, 40 дан ортиқ мамлакат ўз энергия тизимларида ядро энергетикасининг улушини оширишни режалаштирмоқда. Атом энергетикаси кам углеродли энергия манбаи сифатида гидроэнергетикадан кейин иккинчи ўринда туради. У дунё электр энергия ишлаб чиқаришининг 10 фоизини ташкил этиб, глобал иқлим мақсадларига эришишда муҳим аҳамият касб этади.

Ҳисоботга кўра, атом энергетикасининг глобал харитасида сезиларли ўзгаришлар кузатилмоқда. Қурилаётган АЭСларнинг асосий қисми Хитойда жойлашган бўлиб, 2030 йилга келиб мамлакат бу соҳада АҚШ ва Европани ортда қолдириши мумкин. Маълумотларда таъкидланишича, 2017 йилдан буён 52 та янги реактор қурилиши бошланган. Шулардан 25 таси Хитой, 23 таси Россия лойиҳаларидир. Ўзбекистон ҳам ўз ядро дастурини ривожлантириш бўйича фаол қадамлар ташламоқда. Мамлакатда кичик модулли реакторлар (КМР) қурилиши ҳақида қарор қабул қилингани ҳисоботда алоҳида таъкидланган.

Канада, Хитой, Чехия, Финляндия, Франция, Корея, Нидерландия, Руминия, Россия, Жанубий Африка, Швеция, Буюк Британия ва АҚШ давлатлари ҳам кичик модулли реакторлар қуриш режаларини маълум қилган. Кичик модулли реакторлар қурилиш муддати қисқалиги, харажатлари камлиги ва ихчамлиги туфайли соҳада катта истиқболларга эга. Тахминларга кўра, қулай шароитлар яратилган тақдирда 2040 йилга келиб дунёдаги атом генерациясининг 10 фоизи КМР ҳиссасига тўғри келиши мумкин.

Ҳисоботда таъкидланишича, атом энергетикаси ривожланиши учун 2030 йилгача соҳадаги инвестиция ҳажмини икки баробар ошириш талаб этилади. Шунда атом энергетикасига йўналтириладиган инвестициялар йилига 120 миллиард долларга етиши тахмин қилинмоқда. Бу йўналишда давлат қўллови ва стратегик режа ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Н. Зиёдуллаева, ЎзА