Аввал хабар берганимиздек, футбол бўйича Ўзбекистон U17 ва U16 терма жамоалари айни кунларда Саудия Арабистонида навбатдаги ўқув-машғулот йиғинини ўтказмоқда.

Ҳар икки ёш тоифасидаги терма жамоамиз  “Қирол Абдуллоҳ спорт маркази” машғулотлар майдонида Саудия Арабистони термасига қарши иккинчи назорат ўйинини ўтказди. Дастлаб, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони U17 ёш тоифасидаги терма жамоалар баҳси ўтказилди. Унда 1:1 ҳисоби қайд этилди.

16 ёшгача бўлган терма жамоалар учрашувида Билол Қурбоновнинг ягона голи эвазига Ўзбекистон термаси ғалаба қозонди.

Эслатиб ўтамиз, ушбу икки ёш тоифасидаги терма жамоаларнинг илк баҳсида футболчиларимизнинг қўли баланд келган эди. Аниқроғи, Ўзбекистон U17 терма жамоамиз мезбонларни 1:0 ҳисобида енгган бўлса, U16 ёш тоифасидаги ўйин 2:0 ҳисобида вакилларимиз фойдасига якунланган.

Жавоҳир Тошхўжаев,

ЎзА