Тиббий ёрдам автомашиналари топширилди

193

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 16 июндаги “Аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида тез тиббий ёрдам тизимида мавжуд автотранспорт воситалари парки янгилаб борилмоқда.

“Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун” шиори остида амалга оширилаётган ишлар соҳа ривожида тез ёрдам хизмати сифатини янада ошириш, моддий-техник таъминотни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси аҳолисига тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини янада яхшилаш мақсадида навбатдаги 8 та “Volkswagen Caddy” тез тиббий ёрдам автомашинаси олиб келинди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси М.Атамуратов шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларига янги тез тиббий ёрдам автомашиналарининг  калитини топширди.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда аҳолига тезкор ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида тез ёрдам автомашиналари босқичма-босқич янгиларига алмаштирилмоқда. Бугунги кунга қадар Оролбўйига энг сўнгги ва замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган 90 га яқин “Volkswagen Caddy” тез тиббий ёрдам автомашинаси олиб келинди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири