Турин шаҳри делегацияси билан ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

Тошкент шаҳар ҳокимлигида пойтахт ҳокими Шавкат Умурзоқов Турин шаҳри (Италия) мери Стефано Ло Руссо бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Тадбирда меҳмонлар томонидан пойтахтимизнинг жадал ривожланаётгани юқори баҳоланди. Улар таълим, бизнес, саноат ва бошқа муҳим йўналишларда стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлашди. Италия мерлар ассоциациясининг вице-президенти сифатида Стефано Ло Руссо нафақат Турин, балки Италиянинг бошқа шаҳарлари номидан ҳам ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш ва ўзаро ҳамкорлик учун янги истиқболларни очишга тайёрлигини билдирди.

Шавкат Умурзоқов давлатимиз раҳбари ва Италия Республикаси Президенти Сержо Маттарелланинг сиёсий иродаси туфайли икки томонлама муносабатларни ҳар томонлама ривожлантириш учун ишончли асос яратилганини таъкидлади.

Шунингдек, учрашув давомида делегацияга Тошкент шаҳрининг инвестиция имкониятлари, жумладан, йирик халқаро компаниялар жойлашган «Янги Авлод» махсус саноат зонаси ҳақида маълумот тақдим этилди. Бунда пойтахтимизнинг ўсиши ва хорижий ҳамкорлар учун жозибадорлигини кўрсатувчи истиқболли лойиҳалар, иқтисодий ва инвестицион кўрсаткичларга алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув якунида томонлар Тошкент ва Турин шаҳарлари ўртасида Ниятлар хатини имзоладилар. Шунингдек, чиқиндиларни қайта ишлаш, туризм, энергетика, ўсимликлар кўчатхоналари ва таълим каби соҳаларда амалга ошириладиган ташаббусларнинг сифатига урғу бериб, қўшма лойиҳаларни фаол муҳокама қилишга тайёр эканликларини билдиришди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА