Хивада янги ер ости йўли қурилмоқда (+видео)

273

Бир неча йиллардан буён Хива шаҳрининг Қумяска, Каптархона, Ангарик ва Газчи маҳаллаларида яшовчи аҳоли шаҳар марказига боришда 5-10 километр йўл босиб ўтишга мажбур бўлади. Қолаверса, жамоат транспортлари учун ҳам турли қийинчиликлар ва оворагарчиликлар юзага келмоқда.

Жорий йилда бундай муаммолар ўз ечимини топади. Йўлсозлар томонидан Қумяска, Каптархона, Ангарик ва Газчи маҳаллаларини шаҳар маркази билан боғловчи узунлиги 450 метр бўлган ер ости автомобиль йўл ўтказгичи қурилиши бошланган.

Хива темир йўл вокзалининг олдида барпо этилаётган мазкур туннел бир неча километрлик йўл масофасини қисқартириб, одамларнинг йўл харажатлари камайишига хизмат қилади. Энг асосийси, қарийб 20-30 дақиқа вақтини тежайди.

– Мана шу тўртта маҳалла аҳолиси йиллар давомида узоқ айланма йўллардан фойдаланиб келамиз ва бу бизга бир қатор ноқулайликлар туғдиради, – дейди Газчи маҳалласида истиқомат қилувчи Олим Оллаберганов. – Мен  одатда кунига 3-4 марта шаҳарга чиқиб келишим керак. Чунки, невараларимни мактаб, боғчага олиб бораман. Бозорлик қиламан. Шаҳарнинг маъмурий қисми ҳаммаси шу томонда жойлашган. Янги ер ости йўл ўтказгичи шаҳардаги 15 мингдан ортиқ аҳолининг узоғини яқин қилишга хизмат қилади.

Йўл ости йўли орқали маҳаллий аҳолининг шаҳар марказига қатнови анча қулай бўлади. Шунингдек, мазкур туннелдан ҳар куни шаҳар ичи ва шаҳар атрофи йўналишларида қатнайдиган автобус ва микроавтобуслар ҳаракатланади, ушбу жамоат транспортларида минглаб йўловчиларга хизмат кўрсатилади.

Аҳоли турмуш даражасини ошириш ва инфратузилмани ривожлантириш йўналишидаги бу лойиҳа Хива шаҳрининг келажакдаги ривожланишида муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Аҳмаджон Шокиров,

Беҳзод Саидов(сурат, видео), ЎзА мухбирлари