Янгиланишлар, сиёсий жараёнларда хотин-қизларнинг фаол иштироки янада кенгаяди

165

Давлатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси ҳамда ташаббуси билан мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш, давлат бошқаруви ва жамиятнинг барча жабҳасида хотин-қизларнинг роли оширилмоқда.

Аёлларнинг сиёсий жараёнлар ва қонунчилик фаолиятидаги иштироки кенгайди. Бу Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имижи яхшиланишида муҳим ўрин тутмоқда.

Сенат Раиси Танзила Норбоева республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда давлат олий таълим муассасаларида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритаётган хотин-қизлар билан учрашувда шу каби жиҳатларга алоҳида урғу берди.

Тадбирда хотин-қизларнинг янгича ёндашув, ғоя ва ташаббусларини ҳаётга татбиқ этишда кўмак бериш, ислоҳотлар, янгиланишлар, сиёсий жараёнларда уларнинг фаол иштирокини таъминлаш, мазкур жараёнларда лидер аёлларнинг ўрни ҳақида фикр алмашилди.

Шунингдек, учрашувда долзарб масалаларни аниқлаш, таҳлил қилиш ва уларнинг қонуний ечимларини топиш, халқаро ташкилотлар билан манфаатли ҳамкорлик орқали ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ислоҳотларни илгари суришга доир масалаларга эътибор қаратилди.

Мулоқот давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоблар олди.

Н.Абдураимова, ЎзА