Бош вазир ўринбосари “Standard Chartered” банки бош ижрочи директори Саиф Малик билан учрашди

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳамда Буюк Британиянинг “Standard Chartered” банки бош ижрочи директори Саиф Малик ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот чоғида инфратузилма лойиҳаларини кенгайтириш, электр тармоқларини модернизация қилиш, давлат-хусусий шериклик дастурлари доирасидаги ташаббусларни амалга ошириш ва давлат иштирокидаги корхоналарни трансформация қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар Ўзбекистон банклари билан ҳамкорликни ривожлантириш, кичик ва ўрта бизнес ҳамда қишлоқ хўжалигини молиялаштиришда банк тизимининг аҳамияти юзасидан фикр алмашди.
Шунингдек, энергетика соҳасида ҳамкорликни кучайтириш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш, “яшил” иқтисодиёт ва IT соҳасини ривожлантириш борасида таклифлар кўриб чиқилди.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, “Standard Chartered” банки 60 дан ортиқ мамлакатда фаолият юритиб, асосан Осиё, Африка ва Яқин Шарқ бозорларига эътибор қаратади. Банк савдо ва инвестициялар, корпоратив ва хусусий банк хизматларини кўрсатиш билан бирга, “яшил” облигациялар чиқариш ва экологик лойиҳаларни молиялаштиришда ҳам иштирок этади.
Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва фикр алмашиш жараёнларини давом эттиришга келишиб олди.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади,
ЎзА