Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси тергов фаолияти йўналишига қабул эълон қилинди

Президентимизнинг 2022 йил 28 ноябрдаги “Жиноятларни тергов қилиш соҳасида малакали кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги фармони билан Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ташкил этилган.
Академияда жиноятларни тергов қилиш соҳасида кадрларни амалиёт билан узвий боғлиқлигини таъминлаган ҳолда ягона ёндашув асосида тайёрлашга қаратилган узлуксиз ўқув тизими йўлга қўйилган.
Айни пайтда бакалавриатнинг тергов фаолияти ҳамда юриспруденциянинг бошқа бакалавриат таълим йўналишларида юридик кадрларни тайёрлаш жорий этилди. Академия ахборот хизмати раҳбари Санобар Мансурова тергов йўналишига оид маълумот берди:
– Тергов фаолияти бакалавриат таълим йўналишига қабул жорий йил 1 февралдан бошланади. Ушбу йўналишга кундузги таълим шаклига ўқишга қабул қилиш танлов, тенг ҳуқуқлилик принциплари ва қабул қилишнинг ягона қоидалари асосида 4 босқичда амалга оширилади. Дастлабки танлов; махсус психологик танлов; ёзма имтиҳон (диктант); тест синовлари босқичлар шулар жумласидан.
Академиянинг тергов фаолияти йўналиши бўйича бакалавриат қабулига дастлабки танлов ҳарбийлаштирилган тузилмалар (ДХХ, ИИВ, Миллий гвардия, Божхона қўмитаси, Ҳарбий прокуратура) учун; ҳарбийлаштирилмаган ташкилотлар (прокуратура органлари, шу жумладан, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Мажбурий ижро бюроси)даги талабларни инобатга олган ҳолда алоҳида тартибда амалга оширилади.
Номзод жорий йил 1 февралдан 1 мартга қадар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг махсус электрон платформаси орқали рўйхатдан ўтиши ҳамда ҳарбийлаштирилган йўналиш бўйича – ҳудудий ички ишлар органларига; ҳарбийлаштирилмаган йўналиш бўйича – ҳудудий прокуратура органларига тегишли ҳужжатларни тақдим этиши лозим.
Тергов фаолияти йўналишида бакалавриат дастури бўйича таълим олиш муддати уч йилни ташкил этади, битирувчиларга белгиланган давлат намунасидаги диплом берилади.
Ўқитиш ўзбек ва рус тилларида, давлат грантлари асосида ташкил этилади. Давлат грантлари асосида ўқишни тамомлаган битирувчиларга ваколатли давлат органларида камида уч йил ишлаб бериш мажбурияти юкланади.
Муҳим жиҳат шуки, қабул жараёнида абитуриентларнинг муайян тоифаларига олий таълим муассасаларига кириш учун қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар татбиқ этилмайди.
Битирувчилар ваколатли давлат органларига хизматга қабул қилинганда фақат офицерлар таркибига кирувчи ёки даражали унвон берилиши кўзда тутилган лавозимларга тайинланади.
Н.Абдураимова,
ЎзА