Сенат кенгаши: “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури ижроси изчил таъминланиши керак

Мамлакатимиз ҳудудлари ўртасидаги иқтисодий тенгсизликни камайтириш, туман ва шаҳарларни уларнинг шароити, салоҳияти ва имкониятларидан келиб чиқиб ривожлантириш орқали камбағалликни янада қисқартириш бўйича жорий қилинган янгича ёндашувлар ўз самарасини бермоқда.
Хусусан, 2023 йилдан бошлаб 5-тоифага мансуб Қўшработ туманидаги тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашнинг алоҳида тартиби жорий қилиниши ҳисобига уларга 2023-2024 йилларда 12,7 миллиард сўмлик солиқ имтиёзлари берилган. Натижада ўтган йилнинг ўзида қарийб 700 та тадбиркорлик субъекти ташкил қилиниб, уларнинг сони 2,1 мингга етган ва 1 мингга яқин янги иш ўринлари яратилган.

Бу Сенат кенгашининг мажлисида қайд этилди. Мажлисда ўтказилган Самарқанд вилояти сектор раҳбарлари томонидан камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш бўйича Қўшработ тумани тажрибаси тақдимоти давомида инвестиция дастури доирасида 35,4 миллион долларлик 41 та лойиҳа ишга туширилгани таъкидланди. 23,6 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилган. Экспорт ҳажми 3,5 миллион долларга етган. Саноат – 109,5 фоизга, қурилиш – 114,5 фоизга, хизматлар – 112,4 фоизга, қишлоқ хўжалиги – 105,9 фоизга ўсган.
Маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш, тадбиркорлик лойиҳаларига 54,2 миллиард сўмлик имтиёзли кредит ва 1,5 миллиард сўмлик субсидия маблағлари ажратилган.

Сайхунобод, Уйчи, Зарбдор ва Ғиждувон тажрибаларини жорий қилиш бошланган. Иқтисодий комплекснинг маҳаллага туширилгани ҳисобига 10 та маҳалла саноат ва қишлоқ хўжалигига ихтисослаштирилган, 1,2 минг аҳоли расмий иш билан банд қилинган.
“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида эса йил якуни билан 2,3 минг оила (10,7 минг аҳоли) камбағалликдан чиқарилиб, камбағаллик даражасини 16,2 фоиздан 7,9 фоизга камайтиришга эришилган.
Муҳокама жараёнида сенаторлар ҳудудда амалга оширилган ижобий ишлар билан бирга туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасида ўз ечимини кутиб турган айрим масалалар ҳамда ишга солинмаган имкониятларга ҳам тўхталиб ўтди.
Жумладан, маҳаллаларда 2021-2022 йилларда ташкил қилинган кичик саноат зоналари зарур инфратузилма билан таъминланмагани сабабли бугунги кунга қадар 3 та кичик саноат зонасидан 2 тасида бирорта лойиҳа амалга оширилмагани қайд этилди.
Туман ҳудудида бўш турган 4 та объект дастлабки қиймати пасайтирилиб, бир неча маротаба аукционга чиқарилганига қарамай сотилмаган. Ваҳоланки, туманнинг 5-тоифага мансублигидан келиб чиқиб, объект қийматини 5 йил муддатгача бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилган эди.
“Маҳалла еттилиги” қарори билан қирққа яқин ижтимоий ёрдам ва субсидия маблағларини олиш имконияти яратилган бўлса-да, ўтган давр мобайнида фақат 3-4 та туридан фойдаланилган. 6 та маҳаллада камбағал оила аъзоларига субсидия маблағларини ажратиш чоралари умуман кўрилмаган.
Жорий йилнинг 1 январига келиб, жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиғидан мавжуд қарздорлиги ўтган йилга нисбатан қарийб 7,4 фоизга ошган.
Мажлисда сенаторлар томонидан “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар режасида белгиланган тадбирлар ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш бўйича қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Халқ депутатлари Самарқанд вилояти кенгаши ҳамда Қўшработ тумани кенгаши ҳузуридаги камбағалликни қисқартириш билан боғлиқ масалалар бўйича комиссиялар томонидан камбағалликни қисқартириш борасида белгиланган вазифалар бажарилишини мониторинг қилиш, ушбу масалани кенгаш сессияларида муҳокама қилишни ташкил этиш ва ижроси ортда қолаётган масалалар бўйича қўшимча чоралар белгилаш юзасидан тавсиялар берилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА