“Aёл маърифати” жамоатчилик кенгаши фаолиятига бағишланган конференция ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Оила ва хотин-қизлар қўмитаси қошидаги “Aёл маърифати” илмий-ижодий соҳа вакиллари жамоатчилик кенгаши томонидан “Aёл – тараққиёт тимсоли” мавзусида илмий-амалий конференция ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова бугунги маърифий янгиланиш жараёнларида ижодкор зиёли аёллар ҳам фаол иштирок этишлари давр талабига айланганини таъкидлади.
Бугун давлатчилик ривожланишининг 3 минг йиллик тарихий тажрибаси асосида, шунингдек цивилизация ривожланишига ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг илмий-маданий меросини ўз ичига олган инсонпарвар демократик давлат, очиқ ва адолатли жамият – Янги Ўзбекистон барпо этилмоқда. Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кенгайтиришга, оилалар фаровонлигини таъминлашга оид миллий тажриба – Ўзбекистон модели амалга оширилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2024 йил 20 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги нутқида хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги иштироки кучайгани жамиятимиз ривожига ижобий таъсир кўрсата бошлагани ҳамда аёлларимизни, азму шижоатли ёшларимизни қўллаб-қувватлаш бундан буён ҳам изчил давом эттирилиши бугунги сиёсатнинг устувор йўналиши эканини алоҳида таъкидлади.
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида хотин-қизларнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий фаоллигини ошириш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, гендер тенгликни қарор топтириш, аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Миллий қонунчилигимиз такомиллаштирилиб, опа-сингилларимиз учун янада кенг имкониятлар яратилмоқда. Ислоҳотлар доирасида ўзбек аёлининг ижтимоий-маданий, сиёсий ва иқтисодий қиёфасида жиддий ўзгаришлар юз берди.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда аёлга бўлган муносабат ўз тарихий илдизларига эга. Қўхна тарих Тўмарис, Сароймулкхоним, Нодирабегим, Қутлуғ Нигорхоним, Гавҳаршодбегим, Увайсий, Дилшод Отин, Анбар Отин, Меҳр Султонхоним, Самарбону сингари юзлаб мўътабар ва маърифатпарвар аёлларимизнинг миллат шаъни, ор-номусини сақлаш йўлидаги жасоратларига гувоҳдир. Момоларимизга хос бўлган ноёб фазилатлар замонамиз аёллари сиймосида ҳам давом этмоқда.
Дунё адабиётида, санъатнинг саҳна, кино ва бошқа жанрларида аёл зотига бўлган эҳтиромли муносабатнинг, аёл образини яратишда уни улуғлашнинг ўзига хос хронологик эволюцияси бор. Бунда илк ўзбек кинолари “Ўтган кунлар”, “Сен етим эмассан”, “Меҳробдан чаён”, кейинчалик “Суюнчи”, “Келинлар қўзғолони” каби бир қатор кинофильмларимизни ёдга олишимиз ўринли бўлади.
Мутахассислар фикрича, Данте, Шекспир ўз асарларида, шунингдек француз адабиётида ҳам бизнинг Тўмарис образи Европа аёлларига намуна қилиб кўрсатилган.
Аёл зотига муносабат авваллари бадиий ҳаётимизда мутлақо юксак эди. Рус ёзувчилари ҳам ўз асарларида аёл руҳиятини, психологик характерини юксак бадиий бўёқлар билан тасвирлаган. Жаҳон адабиётида аёл қиёфаси янги чўққига олиб чиқилган. Аммо, бугунги кунда бу борада муаммоли ҳолатлар ҳам мавжуд.
Афсуски, кейинги йилларда намойиш этилаётган қатор сериалларимизда ўзбек аёли қўлини пахса қилиб бақираётган, келиннинг айбини излаётган, фақат дастурхон безаб, ғийбатчи дугоналарини йиғиб бақир-чақир қилаётган қайнона, қарироқ эркакка тегиб бойлигини эгаллаб олмоқчи бўлаётган ахлоқсиз қиз, урушқоқ келин тарзида кўрсатилаётганини келтириш мумкин.
Ижтимоий тармоқларда ҳақли эътирозларга сабаб бўлаётган шундай сериаллар ва фильмлар урчиб кетиши ва оқибатда оқилалик, фозилалик, ҳаё тимсоли бўлган ўзбек аёли ўзга қиёфа эгасига айланиб қолишининг олдини олиш жуда муҳим.
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси аёл маърифати билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишда юртимизнинг зиёли опа-сингилларига таянади. Оила ва хотин-қизлар қўмитаси қошида “Аёл маърифати” жамоатчилик кенгаши ташкил этилган.
“Аёл маърифати” жамоатчилик кенгашининг бошқа жамоатчилик тузилмаларидан фарқи, аввало ушбу кенгаш Президентимиз таъкидлаганларидек, ҳар бир муаммо ва масалага илмий ёндашувларни қўллайди. У ижодкор аёлларнинг янги асарларини тарғиб этиш, миллий адабиётимиз ривожига ҳисса қўшган устоз ижодкор аёллар фаолиятини тарғиб этиш борасида бир қатор анжуманлар, адабий тадбирлар, китобхонлик тадбирларини ташкил этди. Айни пайтда бу борадаги ишларни замон талаби даражасига олиб чиқиш муҳимдир.
Шунингдек, кенгаш таркибига ёш ва ўрта ёш аъзолар, замонавий ва креатив ғояларга бой фаоллар, олималар, ижодкорлар ва санъаткорлар, республика олий таълим ва илмий муассасаларда фаолият олиб бораётган, шунингдек, ҳозирда нафақада бўлган олималар, илмий изланишлар олиб бораётган ёш олималар, шоира, журналист, адабиётшунос, мусаввир, ижтимоий тармоқларда фаол бўлган хотин-қизлар жалб этилган.
“Аёл маърифати” жамоатчилик кенгашининг Йўриқномаси, Иш режаси каби ҳужжатлар Кенгаш аъзоларига, ҳудудий қўмиталарга ҳам етказилди.
Оила ва хотин-қизлар қўмитасини фуқаролар билан боғлаб турадиган “кўприк” ролини бажариш, оилаларда маънавий муҳитни кучайтириш, аёл маърифатининг таъсирини ошириш, янгича ғоя ва ёндашувлар асосидаги лойиҳаларни илгари суриш, давлат сиёсатининг оила ва аёллар ҳаётига оид ислоҳотларини кенг ва креатив усулларда тарғиб этиш каби эзгу юмушлар ушбу жамоатчилик кенгашининг асосий вазифаларидан биридир.
Оилаларга ва хонадонларга маънавият ва маърифат кириб боришини таъминлаш, хотин-қизларни китобхонликка жалб қилиш ва маънавий соҳадаги тарғибот ва ташвиқот ишларини замонавий усулларда олиб боришни янги босқичга олиб чиқиш, YouTube платформасида оила ва аёлларнинг қўлга киритаётган ютуқлари билан бир қаторда, ижтимоий муаммоларини, аёллар салоҳиятини очиб берадиган, гендер тенгликни таъминлашга ҳисса қўшадиган, суҳбат тили, мавзуси ҳамда ечимлари халқчил бўлган, ўзбек медиасига сезиларли таъсир кўрсата оладиган аёллар подкастини ташкил қилиш, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси фаолияти бўйича фуқаролар ўртасида ўтказиладиган тушунтириш ва тарғибот ишлари ҳамда маънавий-маърифий тадбирларда иштирок этиш, уларнинг самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишга асосий эътибор қаратилади.
Шу билан бирга, кенгаш томонидан илмий-ижодий ишланмаларни оилаларга, маҳалла хотин-қизлар фаолларига етказишни ташкил этиш, тарихий шахслар, жумладан жадид аёллар ҳаёти ва фаолияти тўғрисида хотин-қизларга маълумотлар етказиш, халқ оғзаки ижодиёти намуналари, жумладан, ўзбек халқ қўшиқлари, терма қўшиқлар, лапарлар, ёр-ёрлар, Хоразм қўшиқлари, келин салом, ўлан, байт ғазаллар, меҳнат қўшиқлари, аллаларни ва болалар миллий ўйинларини тарғиб этиш борасида иш олиб борилади.
Оилавий, миллий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш, фарзанд тарбиясида янгича ёндашувлар, услубларни яратиш, илмий ва адабий жамоатчиликнинг салоҳиятидан, илмий-ижодий ишлардан фойдаланиш, диёримизда яшаб ўтган машҳур ва буюк аёллар ҳамда аёллар номи билан боғлиқ қадамжоларни, Осиё ва туркий халқларнинг тарихи, маданияти, тили, адабиёти ва урф-одатлари ҳақидаги маълумотларни кенг тарғиб этиш каби эзгу мақсадлар ҳам кенгаш фаолиятидан ўрин олади.
Анжуманда “Aёл маърифати” илмий-ижодий соҳа вакиллари жамоатчилик кенгашининг келгусидаги фаолияти хусусида батафсил сўз юритилди.
Назокат Усмонова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
ЎзА