Бокс: янги чемпионлар кашф этилди

235

2024 йилги Олимпия йилида мусобақаларнинг тиғизлиги сабабли бир ой муқаддам ташкил этилиши лозим бўлган Ўзбекистон чемпионатининг саралаш баҳслари жорий йилнинг 21-26 январь кунлари пойтахтимиздаги Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказининг бокс залида, ярим финал ва финал жанглари 27-28 январь кунлари “Renesans Hall” биносида ўтказилди.

Қувонарли томони, бугун дунёнинг етакчи олимпия бокси мамлакатига айланган Ўзбекистоннинг чемпионати дизайни, техник-тактик, профессионаллиги, боксчиларнинг маҳорати бобида ҳар қандай нуфузли мусобақадан устун бўлса борки, ундан кам даражада ташкил этилмади.

Ҳакамлар, техник комиссия, ҳудудий федерация вакиллари, мураббийлар, томошабинлар, фахрий меҳмонлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари, шифокору, техник ходимларнинг жойлашувигача бўлган ҳолатлар, боксчиларнинг майдонга чиқиб келиши, рингга, шоҳсупага кўтарилиш жараёни, теле ва фото камералар, кузатув мосламаларининг ўрнатилишигача энг илғор технологиялар, коммуникация тизимлари имкониятларидан фойдаланилгани чемпионат нуфузини янада юксалтирди.

Ўтказилган финал жангларининг ҳар бири барча омиллари билан жаҳон, қитъа чемпионатлари кўринишида кечди. Эътиборли жиҳати, ғолибларни аниқлаш жангларини дунёнинг энг тажрибали реферилари назорат қилиб боргани баҳсларнинг адолатли, профессионал ўтишини таъминлабгина қолмай, боксчиларнинг руҳиятига ҳам ўзгача таъсир кўрсатди.

Айни тамойиллар спортчиларда катта мусобақалар кўникмаси шаклланишида муҳим жиҳат саналишини таъкидламоқ лозим.

Бевосита жанглар тафсилотига эътибор қаратсак, Ўзбекистон чемпионатида айрим тажрибали боксчилар ярим финал остонасигача етиб кела олмаган бўлса, баъзилари ярим финал, финал жангида имкониятни бой берди. Бу, йилдан йилга юртимиздан истеъдодли ёшлар етишиб келаётганидан далолат.

Масалан, 2019 йилги жаҳон чемпиони, Олимпия ўйинлари иштирокчиси Мирзабек Мирзаҳалилов финалгача бўлган жангларда рақибларини мағлуб этди. Бироқ олтин медал учун кечган тўқнашувда Сурхондарё вилояти вакили Хўжаназар Нортожиев тўсиғидан ўта олмади. Худди шунингдек, бир неча бор мамлакат чемпионатида совринли ўринларга эгалик қилган, жаҳон чемпионати бронза медали соҳиби Аълохон Абдуллаев финалда Тошкент шаҳар жамоаси вакили Жавоҳир Умматалиевга имкониятни бой бериб қўйди. Буни мусобақанинг ўзига хос шов-шувли вазияти бўлди, дейиш мумкин.

Финал жанглари якунига кўра, мамлакат чемпионлари аниқланиши асносида 2024 йил мобайнида маҳоратли боксчиларни тайёрлашда етакчиликка эришган ҳудудлар номи ҳам маълум бўлди.

Сарҳисоб натижаларига биноан Тошкент вилояти боксчилари 3 та олтин, 5 та кумуш, 4 та бронза медали билан умумжамоада биринчи, 3 та олтин, 2 та бронза медалини жамғарган Андижон боксчилари иккинчи ўринни эгаллади. 2 та олтин, 3 та бронза медалига эга чиққан бухоролик боксчилар жамоаси кучли учликка якун ясади.

Шунингдек, чемпионлик мақомига Фарғона, Сурхондарё вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах ва Тошкент шаҳрининг 1 нафардан боксчилари сазовор бўлди.

Навбаҳор Ҳамидова чемпионатнинг “Энг яхши аёл боксчиси”, Асилбек Жалилов эса “Энг яхши эркак боксчиси” деб топилди.

Ўтказилган жанглар, сараланган маҳоратли боксчилар карвони билан ўзбек бокси “Лос-Анжелес-2028” Олимпия ўйинлари сари илк қадамни ташлади.

Тўлқин Рўзиев, Муҳаммад Амин (суратлар) ЎзА