Бош прокуратура: ёқилғи-энергия ресурслари иқтисод қилинади ва талон-торожига йўл қўйилмайди

167

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтказган йиғилишда электр энергетикасини 2025-2035 йилларда ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича муҳим топшириқлар берилди.

Мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Бош прокурор ўринбосари Шоҳрух Аминов томонидан ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш устидан давлат назоратини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича Республика штабининг кенгайтирилган йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда ёқилғи-энергия ресурсларини талон-торож қилиш ҳолатларининг олдини олиш ҳамда энергоресурсларни иқтисод қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар аҳволи танқидий муҳокама қилинди.

Масъулларга давлатимиз раҳбари ўтказган йиғилишда 100 мингта объект, 150 мингта хонадонда жами 600 МВт қувватда қуёш панели ўрнатилиши бўйича берилган топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида жойларда маҳаллий ҳокимликлар, божхона, “Ўзэнергоинспекция”, тижорат банклари, таъминот корхоналари ва бошқа тегишли идоралардан иборат ишчи гуруҳ тузиш бўйича кўрсатма берилди.

Шу билан бирга, иқтисод қилишнинг қўшимча манбаларини аниқлаш, реактив батарея ўрнатиш бўйича улгуржи истеъмолчига ёзма кўрсатма бериш, икки босқичлига ўтказиш, ностандарт газ ёндиргичларни алмаштириш бўйича туманлар кесимида ойма – ой график ишлаб чиқиш, 400 та йирик истеъмолчида энергоаудит ўтказиш юзасидан топшириқлар берилиб, ижроси Республика штаби томонидан алоҳида назоратга олинди.

Бундан ташқари, берилган топшириқларни белгиланган муддатларга бажариш, мавжуд муаммоларни тезкорлик билан ҳал қилиш лозимлиги таъкидланди, шунингдек, йўл қўйилган камчиликлар юзасидан масъуллар танқид қилиниб, огоҳлантирилди.

Норгул Абдураимова,

ЎзА