Қишлоқ хўжалиги соҳасида янги ҳамкорлик истиқболлари

Бугунги кунда Ўзбекистон ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва хорижий мамлакатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида изчил сиёсат олиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Туркия қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазири ўринбосари Абубекир Гизлигидир раҳбарлигидаги делегация билан учрашди. Унда икки мамлакат ўртасидаги аграр соҳадаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди.
Дарҳақиқат, кейинги йилларда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари жадал ривожланмоқда. Айниқса, қишлоқ хўжалигидаги ҳамкорлик ҳар иккала давлат манфаатларига мос равишда тараққий этаётгани алоҳида эътиборга молик.

Учрашувда вазир Иброҳим Абдураҳмонов аграр соҳада мавжуд бўлган, аммо ҳали фойдаланилмаган имкониятларни ишга солиш орқали янги ҳамкорлик йўналишларини ривожлантириш муҳимлигини қайд этди.
Шунингдек, Ўзбекистонда хорижий сармоядорлар учун яратилган қулай шароитлар ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қўшимча қиймат занжири орқали экспорт қилиш имкониятлари ҳақида маълумот берди, дейилади Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотида.
Туркия қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазири ўринбосари Абубекир Гизлигидир эса ўз навбатида ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича бир қатор таклифларни билдирди. Жумладан, боғдорчилик, балиқчилик, қишлоқ хўжалиги экинларини суғурталаш тизимини жорий этиш ҳамда замонавий озиқ-овқат хавфсизлиги лабораторияларини ташкил этиш масалаларида ҳамкорликни йўлга қўйиш таклиф этилди.
Музокаралар якунида томонлар мавжуд ҳамкорлик алоқаларини чуқур таҳлил қилиб, келажакда амалга ошириладиган лойиҳаларни белгилаш ва тегишли пакетини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришдилар.
М.ҲОЖИАКБАРОВА, ЎзА