Ўзбекистон ва Жанубий Корея: фармацевтика соҳасида стратегик ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда

162

Кейинги йилларда Ўзбекистон фармацевтика саноати жадал суръатлар билан ривожланиб, халқаро ҳамкорлик алоқалари тобора кенгайиб бормоқда. Бу борада Жанубий Корея билан муносабатлар алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигида Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Вон Доён жаноблари билан учрашув бўлиб ўтди. Агентлик директори Абдулла Азизов меҳмонни «Tashkent Pharma Park» инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери фаолияти билан таништирди ҳамда бу ерда амалга оширилаётган лойиҳалар ва ривожланиш концепцияси ҳақида батафсил маълумот берди.

Кореялик дипломат Ўзбекистон фармацевтика саноатининг юқори суръатларда тараққий этаётганини юқори баҳолаб, икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини билдирди, дейилади Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги маълумотида.

Учрашувда таълим масалалари ҳам муҳокама қилинди. Элчи Ўзбекистон Фармацевтика техник университети ва Кореянинг нуфузли Ёнсеи университети ўртасидаги ҳамкорликдан мамнунлигини ифода этиб, бу алоқаларни янада ривожлантириш имкониятларини кўриб чиқишини таъкидлади.

Музокаралар давомида томонлар икки давлат фармацевтика саноати ўртасидаги ҳамкорлик лойиҳалари, инвестиция имкониятлари ва инновацион тадқиқотлар йўналишларини кенгайтириш масалаларини ҳам муҳокама қилдилар.

Вон Доён жаноблари Ўзбекистоннинг фармацевтика соҳасида минтақавий етакчига айланиши учун барча шароитлар яратилганини эътироф этиб, Корея Республикаси бу йўналишда стратегик шерик бўлиб қолишини қайд этди.

Маълимотга кўра, ташриф якунида томонлар фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришдилар.

М. Ҳожиакбарова, ЎзА