Транспорт-логистика тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси тасдиқланди

206

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистон Республикасининг транспорт-логистика тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ:

Ўзбекистон Республикасининг транспорт-логистика тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси;

Ўзбекистон Республикасининг транспорт-логистика тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида белгиланган вазифаларни 2025 йилда амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» тасдиқланди.

Қуйидагилар транспорт-логистика тизимини 2030 йилгача ривожлантиришнинг устувор йўналишлари этиб белгиланди:

халқаро ва минтақавий ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳисобига ташқи савдо йўналишларини диверсификациялаш, мавжуд тўсиқларни бартараф этиш, ташқи бозорларга юкларни етказиб бериш муддатларини қисқартириш, транспорт-логистика харажатларини мақбуллаштириш;

мультимодал тамойилни максимал даражада амалга ошириш имконини берувчи логистика хизматлари бозорини ривожлантириш, 3PL ва ундан юқори форматда хизматлар кўрсатишга ихтисослашган йирик миллий транспорт операторлари ташкил этилишини рағбатлантириш;

мамлакат транзит салоҳиятини тўлақонли руёбга чиқариш, шу жумладан, мослашувчан тариф сиёсатини қўллаш ва божхона тарғиб-таомилларини соддалаштириш йўли билан қўшимча транзит юк оқимларини жалб этиш;

ташқи ва ички молиялаштириш манбаларини жалб этиш кўламини кенгайтириш ҳамда инновацион технологияларни қўллаш асосида транспорт инфратузилмасини комплекс ва илдам ривожлантириш, ҳудудларда юклар шаклланишининг асосий нуқталарини ҳисобга олган ҳолда транспорт-логистика марказларининг замонавий тармоғини шакллантириш;

халқаро ахборот тизимлари билан интеграция қилган ҳолда мамлакатнинг логистика тизими платформаларини шакллантириш, халқаро юк ташишларда рақамли ва инновацион технологияларни кенг жорий этиш, логистика соҳасида кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш.

Концепцияни амалга ошириш натижасида 2030 йилга қадар эришиладиган, шу жумладан, қуйидагиларни назарда тутувчи асосий мақсадли кўрсаткичлар ва индикаторлар белгиланди:

автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспортида халқаро юк ташиш умумий ҳажмини камида 2 бараварга ошириш;

транспорт ва логистика хизматлари экспортини 2 бараваргача ошириш;

барча транспорт турларида йиллик транзит юк ташиш ҳажмини 22 млн тоннага етказиш;

контейнерларда юк ташиш улушини камида 1,5 баробарга ошириш;

транспорт-логистика марказлари тармоғини яратган ҳолда уларнинг юкларга ишлов бериш қувватини камида 3 бараварга кўпайтириш;

Жаҳон банкининг Логистика самарадорлиги индексида (LPI) Ўзбекистон Республикасининг ўрнини 55-поғонадан паст бўлмаган даражагача кўтариш.

Қарорга мувофиқ, Транспорт вазирлиги транспорт-логистика марказларининг кенг тармоғини шакллантириш ҳамда транспорт-экспедиторлик фаолиятини ривожлантириш ва такомиллаштириш масалалари учун масъул ҳисобланади.

ЎзА