Тиббиёт ходимларини давлат рўйхатидан ўтказиш тизими жорий этилади

Қонун лойиҳасига шарҳ
Мамлакатимизда тиббий хизмат сифатини ошириш, ҳар бир фуқаро учун юқори сифатли ва малакали тиббий хизмат тизимини яратиш, тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг салоҳиятини юксалтириш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, тиббиёт тизимини халқимизга янада яқин қилиш бўйича кўрилаётган аниқ чоралар туфайли бирламчи ва малакали тиббий хизматлар аҳолининг кенг қатламларига кириб борди. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида 18 мингдан зиёд тиббиёт бригадалари ҳамда 2104 та маҳаллада тиббиёт пункти фаолияти йўлга қўйилди.
Шу билан бирга, бугунги кунда тиббиёт ва фармацевтика соҳасидаги кадрларнинг малакасини баҳолаш, уларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқлигини текшириш орқали тиббий хизматларнинг кафолатланган барқарор даражасини таъминлаш зарурати юзага келмоқда.
Шу мақсадда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига аҳолига тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмларига киритилмаган қўшимча тиббий ёрдам кўрсатишни ҳуқуқий тартибга солиш, шунингдек, тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатидан ўтказиш орқали уларга касбий фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини бериш тизимини жорий этишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, парламент қуйи палатасида концептуал жиҳатдан қабул қилинди.
Ушбу қонун лойиҳасида тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатидан ўтказиш орқали уларга касбий фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини бериш тизимини жорий этишга қаратилган нормалар белгиланмоқда. Мазкур ҳужжат лойиҳаси шарҳи бўйича депутат Севара Убайдуллаева қуйидагиларни қайд этди:
– Бугунги кунда хусусий дорихоналарда ўрта тиббий фармацевт битирувчиларининг малака ошириши, малака тоифаларини олиши учун ягона, мукаммал бир тизим яратилмаган. Шу мақсадда ушбу қонун лойиҳаси билан тизимни такомиллаштириш, барча тиббиёт ходимлари тўғрисида маълумотлар базасини шакллантириш масаласи кўзда тутилмоқда.
“Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонуннинг 41-моддасига тиббий таълим ташкилотларини тамомлаганлик тўғрисида диплом олган шахсларга мавжуд малака тоифасини олиш тизими ичида автоматик тарзда давлат рўйхатидан ўтказилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда. Давлат рўйхатидан ўтиш фақатгина исм-фамилиясини ёзиш билан чекланмайди, балки ҳар йили малака оширган сертификатлари ҳам киритилади. Ҳатто аҳолининг шифокор кўригидан кейин юзага келадиган эътирозларини ҳам онлайн киритиш имконияти яратилади.
Шу билан бирга, дейлик, бирор ҳудудга борганда у ердаги малакали мутахассис ким эканлиги ҳақида мобил илова орқали кириб, бу ҳақда маълумотга эга бўлишингиз мумкин. Шунга кўра давлат ёки хусусий тиббиёт муассасасига мурожаат қилишингиз мумкин бўлади.
Таъкидлаш лозимки, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳолининг юқори сифатли тиббий хизмат олиш ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида фуқароларга қўшимча тиббий ёрдам ва оилавий шифокор ёки тиббиёт бригадаси йўлланмасисиз тўғридан-тўғри пуллик асосда тиббий ёрдам кўрсатиш имконини беради. Шунингдек, тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг шахсий масъулиятини кучайтириш, уларнинг билим ва кўникмаларини ошириб бориш, асосийси, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини янада оширишга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди, ЎзА