Автомобиль йўл бўйини кўкаламзорлаштириш ишлари бошланди

193

Ўтган йилнинг октябрь ойида Президентимиз ташаббуси билан Қорақалпоғистонда амалга оширилган энг йирик лойиҳалардан бири бўлган халқаро аҳамиятга эга Қўнғирот – Бейнеу автомобиль йўлининг янгидан қурилган 240 километр қисми фойдаланишга топширилган эди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев бошчилигида мамлакатимизни Европа давлатлари билан боғлайдиган ушбу автомобиль йўл бўйини кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш мақсадида 2025 йилги экиш мавсуми бошланди.

Экиш мавсуми бошланишига бағишланган тадбирда уч авлод вакиллари, шу жумладан, ёшлар юртимиз экологиясини яхшилаш йўлида ўзларининг салмоқли ҳиссасини қўшдилар. Ушбу бошланган хайрли ишлар доирасида халқаро автомобиль йўлининг 890-1204 километр оралиғидаги 314 километр йўл бўйидаги 2 минг 800 гектар майдонда 1 миллион 150 минг донага яқин саксовул, қандим каби сувга чидамли ўсимликлар экилди.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда юртимизда Президентимиз раҳбарлигида яшил ҳудудларни кенгайтириш ва экологик ҳолатни яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган йиллар мобайнида Орол денгизининг қуриган майдонларида “Яшил қопламалар” яратиш мақсадида жами 1,8 миллион гектар майдонга саксовул ва бошқа чўлга чидамли ўсимликлар экилди. Эзгу ишлар бугунги кунда ҳам қизғин давом этмоқда. Бу эса жорий “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”даги чора-тадбирлар кўламини янги босқичга олиб чиқишга мустаҳкам замин бўлади.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Т.Худойбергенов иштирок этди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири