Тошкентда Туркий давлатлар халқаро университети очилади

273

Ўзбекистон Президенти 25 январь куни Тошкентда Туркий давлатлар халқаро университетини ташкил этиш тўғрисидаги қарорни имзолади. Халқаро стандартга мувофиқ, муҳандислик, қурилиш, логистика, ахборот технологиялари ва дастурлаш, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати соҳалари бўйича мутахассислар тайёрланадиган янги олий ўқув юрти нодавлат таълим муассасаси сифатида фаолият олиб боради.

Етакчи хорижий, айниқса Туркия таълим муассасалари билан бирга замонавий ўқув дастурларини амалиётга жорий қилиш, илмий тадқиқот ўтказиш, халқаро университетлар, илмий ташкилотлар билан ҳамкорлик ўрнатиш Университетнинг асосий вазифаси этиб белгиланди.

2025/2026 ўқув йилидан бошлаб ўқув жараёни «Топ-1000» дунё рейтингига кирувчи Туркия олий ўқув юртлари дастури асосида йўлга қўйилади. Таълим тўлов шартномаси асосида амалга оширилади. Қабул шарти ва контракт миқдори университет томонидан белгиланади.

Бундан ташқари, муассаса фаолиятини мувофиқлаштириш билан шуғулланувчи бошқарув кенгаши тузилади. Бу кўзда тутилган таълим ва илмий мақсадларни самарали амалга ошириш имконини беради.

ЎзА