Спортчиларимизнинг нуфузли мусобақаларга тайёргарлиги муҳокама қилинди

191

Ўзбекистон спорт вазири Адҳам Икромов ва МОҚ раҳбарияти иштирокида “Ҳарбин-2025” қишки Осиё ўйинлари ва жорий йил ўтказиладиган бошқа йирик мусобақаларга спортчиларимизни муносиб тайёрлаш ва иштирокини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Унда Ўзбекистон делегациясининг Ҳарбин шаҳрида ўтадиган қишки Осиё ўйинларига олиб бораётган тайёргарлик жараёни ҳақида МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Тошматов маълумот берди. Унинг сўзларига кўра, спортчиларимиз бугунги кунда тайёргарликнинг сўнгги босқичини олиб бормоқда ва улар учун барча шароитлар яратилган.

Шунингдек, 28 февраль – 2 март кунлари Тошкентда ўтадиган дзюдо бўйича «Катта дубулға» турнири ва жорий йил кутиб турган бошқа комплекс мусобақаларга тайёргарлик бўйича ҳам тўхталиб ўтилди.

Учрашувда 2025 йилги спорт тадбирлари Ўзбекистон делегациясининг “Аичи-Нагоя-2026” ёзги Осиё ва “Лос-Анжелес-2028” ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлиги бўйича камчилик ва муаммоларини кўриб олишда муҳим экани таъкидланди.

Жавоҳир Тошхўжаев,

ЎзА