Футзал: Польша билан амалий ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди

Ўзбекистон футзал федерацияси Президенти Польша футбол федерацияси вице-президенти Адам Казмерчяк билан учрашди.
Мамлакатимизда яқинда ташкил этилган Ўзбекистон футзал федерацияси хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибаларини Ўзбекистонда татбиқ этиш мақсадида халқаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Куни кеча Ўзбекистон футзал федерацияси президенти Бекзод Маматқулов Варшава шаҳрида Польша футбол федерацияси вице-президенти Адам Казмерчяк билан учрашиб, истиқболли режаларни муҳокама қилди.
Ўзбекистоннинг Польшадаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Амирсаид Аъзамхўжаев иштирок этган мулоқот чоғида Польша футбол федерацияси билан дўстона алоқаларни ўрнатиш, бир қатор йўналишлар бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида келишувларга эришилди.

Муҳокамалар давомида ҳар икки мамлакатнинг U-18 ва U-20 ёш тоифасидаги терма жамоалари ўртасида қўшма машғулотлар, ўртоқлик ўйинлари ўтказиш ҳамда Ўзбекистонда аёллар футзалини ривожлантириш борасида тажриба алмашиш, ўқув-қўлланмалар, техник воситалар борасида ҳамкорлик қилиш юзасидан дастурларни амалга ошириш лозимлиги таъкидланди.
Келишувга биноан жорий йилнинг учинчи-тўртинчи чоракларида ҳар икки мамлакатнинг эркаклар ва аёллар миллий терма жамоалари иштирокида ўртоқлик учрашувлари ташкил этилиши белгиланди.
Т.Рўзиев,
ЎзА