Туркиянинг етакчи таҳлил маркази мамлакат ташқи сиёсати ҳақида ҳисобот тайёрлади

Бу йил Туркия ташқи сиёсати стратегик мустақил ҳамда глобал ва минтақавий манфаатлар ўртасидаги мувозанатни сақлашга қаратилади. Мамлакатнинг нуфузли таҳлил маркази – Сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий тадқиқотлар жамғармаси (СЕТА) томонидан 2025 йил учун тайёрланган ҳисоботда қайд этилишича, Анқара қарор қабул қилишда мустақилликка урғу берган ҳолда АҚШ, Россия ва ЕИ билан фаол ҳамкорликни давом эттиради.
Бу жараёнда асосий эътибор хавфсизлик, жумладан мудофаа саъй-ҳаракатини кучайтириш, сунъий интеллект, кибер хавфсизлик ва масофадан бошқариладиган тизимга асосланган технологияларни ривожлантиришга қаратилади. Минтақани барқарорлаштиришга урғу берилади, Сурия масаласи муҳимлигича қолади.
Ҳукумат Африка ва Марказий Осиё билан иқтисодий алоқалар кўламини янада кенгайтиради.
Анқара ўз манфаати ва глобал хавфсизлик ўртасидаги мувозанатни сақлашга интилиб, тинчликпарвар ташаббусларни илгари суриш бўйича воситачиликда фаол иштирок этади.
– Россия – Украина урушида бетарафликка интилаётган Туркия, мабодо РФ куч ишлатса, жумладан ядровий қуролдан фойдаланса, НАТОни қўллаб-қувватлашга мажбур бўлиши мумкин, – дейди марказ таҳлилчилари. – Бундай вазиятда Россия ва Шимолий Атлантика ттифоқи ўртасидаги зиддият муқаррар равишда кучайиб, Туркия рақобатга Альянс аъзоси сифатида аралашишига тўғри келади.
Экспертлар мамлакат Украинани Қора денгиз хавфсизлигини таъминлаш ва Россияга қарши курашда муҳим рол ўйнайдиган стратегик ҳамкор сифатида кўришини таъкидламоқда. Айни пайт Туркиянинг Украина билан ҳарбий ва мудофаа саноати соҳасидаги алоқалари Москва учун хавф туғдиради. Айни омил РФ билан икки томонлама муносабатда кескинликка сабаб бўлади.
Ҳужжатда келтирилишича, Россияга энергетик қарамлик Анқаранинг эркин қарор қабул қилишига тўсқинлик қилмоқда. Демак, тобелик даражасини камайтириш керак. Шунингдек, НАТО билан алоқа Туркия учун устувор бўлиб қолади. Қуролланиш масаласида Анқара Россияда муқобил йўл излашдан кўра, иттифоқ стандартига амал қилишига алоҳида эътибор қаратади.
Ҳисоботда Туркия Қрим татарлари ҳуқуқи ва фаровонлигига жиддий аҳамият бериши, бу борадаги ёндашувидан чекиниш ниятида эмаслиги қайд этилган.
С.Раҳимов,ЎзА