АҚШ “Темир гумбаз” яратмоқчи

АҚШ Президенти Дональд Трамп мамлакатнинг “Темир гумбаз” ракетага қарши мудофаа тизимини яратиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати маълум қилди.
Мамлакат раҳбари мудофаа вазирига 60 кун ичида тегишли лойиҳани тақдим этиш бўйича топшириқ берган.
– Ушбу ҳужжат кучга кирган кундан бошлаб 60 кун ичида мудофаа вазири Президентга янги авлод ракета қалқони учун мос лойиҳа, имкониятга хос талаб мезони ва мазкур ташаббусни амалга ошириш режасини тақдим этади, – дейилган фармойишда.
Айни жараёнда баллистик, гипер товушли ва илғор қанотли ракетадан ҳимояланиш, худди шундай русумдаги фазони кузатиш қурилмалари ўрнатилишини тезлаштириш ҳамда ракетани кучайтириш босқичида тутиб олишга қодир тутқичларни ишлаб чиқиш ва жойлаштириш кўзда тутилган.
Буйруқда энг замонавий усуллар орқали амалга ошириладиган ҳаво ҳужумига дуч келиш эҳтимоли Қўшма Штатлар олдидаги “энг ҳалокатли таҳдид” экани ҳам таъкидланган.
Трамп инаугурация куни Қуролли кучларга мамлакат ҳудудини ҳимоя қилиш учун “Темир гумбаз” тизимини ишга тушириш ниятини ошкор этиб, миллий мудофаани ривожлантириш янги маъмурият учун устувор йўналишлардан бири бўлишини қўшимча қилганди.
С.Раҳимов, ЎзА