Янги уйлардан аҳоли мамнун

Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманининг энг чекка “Жаслиқ” шаҳарча фуқаролар йиғинида кўп қаватли уйлар фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев иштирок этиб, йиғилганларни янги уйларнинг фойдаланишга топширилиши билан қутлади.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг Оролбўйига қаратаётган алоҳида эътибори ва ғамхўрлиги натижасида ҳудудни ижтимоий, иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, янги уй-жойлар қуриш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Мамлакатимизда “Инсон қадри учун!” деган эзгу ғоя асосида амалга оширилаётган бу каби ислоҳотлар аҳолининг фаровон ҳаётини, аввало, одамларнинг бугунидан рози бўлиб яшашини таъминлашга, шу жумладан, энг олис ҳудудларда ҳам халқимиз турмуш даражасини оширишга, улар учун муносиб шароит яратишга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 31 августдаги “Қорақалпоғистон Республикасида авария ҳолатидаги ва бутунлай эскирган кўп квартирали уйларни реновация қилиш орқали аҳолининг яшаш шароитларини янада яхшилаш тўғрисида”ги қарори асосида шаҳарча фуқаролар йиғини ҳудудида барча қулайликларга эга 5 қаватли 180 хонадонли турар жой биносини реновация қилиш орқали республика бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири