Тиббиётдаги янгиликлар журналистлар нигоҳида

209

Сўнгги йилларда юртимизда “Инсон қадри учун” тамойили асосида кўплаб ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, тиббиёт соҳасини ривожлантириш орқали аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва уларга сифатли тиббий хизмат кўрсатишни янги босқичга олиб чиқиш, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу жиҳатдан, Қорақалпоғистон тиббиёт институти қошида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан янги инновацион клиника ташкил этилиши бунинг яққол исботидир. Натижада институт замонавий ва инновацион усулларга асосланган таълимни амалга оширишда муҳим қадамларни ташлади. Хусусан, юқори сифатли тиббий диагностика ва тиббий ёрдам кўрсатиш, инновацион Симуляция марказини яратиш орқали бугунги кунда талабалар, клиник ординаторлар, магистрлар ва шифокорлар ўзларининг амалий тажрибаларини ошириб келмоқда.

Ушбу марказнинг фаолияти, унинг афзалликлари ҳамда имкониятларини кенг оммага етказиш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди. Дастлаб институтнинг ўқув ишлар бўйича проректори М.Курбаназаров журналистларни амалга оширилган ишлар, келгусидаги режалар ҳамда янгидан ташкил этилган Симуляция марказининг кўрсатадиган асосий хизматлари билан яқиндан таништирди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бири тиббиёт соҳасида юқори малакали мутахассислар тайёрлашдир. Бунинг учун олий таълим муассасаларида таълим стандартлари яхшиланиб, талабаларнинг амалий тажрибасини оширишга эътибор қаратилди. Бу борада яратилган имкониятлар натижасида институтда бугунги кунда юқори технологияли тиббий асбоб-ускуналаридан фойдаланган ҳолда сифатли таълим бериш йўлга қўйилди. Ушбу юқори технологияли тиббиёт асбоб-ускуналари, замонавий симуляторлар ва инновацион тренинг тизимлари амалиёт жараёнларини самарали ва муваффақиятли олиб бориш учун муҳим восита ҳисобланади.

Сўнгги беш йилнинг ўзида институтга 10 миллион АҚШ долларидан ортиқ инвестиция маблағи жалб қилинди. 2024 йилда Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги ва институт раҳбарияти билан биргаликда амалга оширилган 7,3 миллион долларлик грант асосида олий таълим муассасаси қошидаги клиникага замонавий тиббий асбоб-ускуналар ёрдамида тиббиёт ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг самарали тизимини шакллантириш, кадрлар салоҳиятини ошириш, клиникада илғор тиббий ишларни амалга оширишга ижобий усулларни жорий этиш каби мустаҳкам пойдевор яратилди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари марказдаги замонавий тиббий жиҳозларнинг фаолияти, уларнинг афзалликлари билан яқиндан танишди ва ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Довуд Абибуллаев,  

ЎзА мухбири