Нукусда хотин-қизлар форуми бўлиб ўтди

256

“Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банки ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, “Ҳамроҳ” хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш компанияси ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси кўмагида Нукус шаҳрида “Орзудан муваффақиятгача…” II хотин-қизлар форуми бўлиб ўтди.

Тадбир иштирокчилари дастлаб “Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банки молиявий кўмагида фаолиятини бошлаган хотин-қизларнинг ҳунармандчилик ва тадбиркорлик маҳсулотлари кўргазмаси билан танишди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Маҳкамова, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари Р.Сапарбаев, “Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банки Бошқарув раиси ўринбосари Ш.Ибрагимова, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Аҳмедова сўзга чиқиб, йиғилганларни форумнинг очилиши билан қутлади.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу борада улар учун янги имкониятлар яратилиб, барча соҳа ва тармоқларда, жамиятимизда хотин-қизларнинг ўрни ортиб бормоқда.

Тадбирни ўтказишдан мақсад давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг тадбиркорлигини йўлга қўйиш ва ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 2024 йил 8 ноябрдаги “Хотин-қизларни янада қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлаш, мамлакат иқтисодий ҳаётида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, аёллар тадбиркорлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга тадбиркорлик кўникмаларини ўргатишдан иборатдир.

Форумда йирик тадбиркорлик лойиҳаларини йўлга қўйган лидер тадбиркор аёллар билан бир қаторда тадбиркорликка қадам қўйиш истагида бўлган хотин-қизлар ҳамда ёш тадбиркорлар иштирок этди. Улар хотин-қизлар учун берилаётган имкониятлар, “Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банки томонидан тадбиркорликни бошлаш, ёки уни кенгайтириш учун ажратилаётган имтиёзли кредитлар ҳақида маълумотларга эга бўлди.

Таъкидлаш жоиз, “Тадбиркор аёллар ҳафталиги” доирасида “Ҳамроҳ” хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш компанияси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва “Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банки ҳамкорлигида Нукус шаҳрида ташкил этилган давра суҳбати якунида хотин-қизлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш юзасидан бир қатор келишувларга эришилди.

Жумладан, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва “Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банки хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолиятларини янада кенгайтириш ва ривожлантириш, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тадбиркор Шарофат Нориева ўртасида Қорақалпоғистон Республикасининг барча туманларида махсус мактабларни,  Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва бизнес-тренер Шоҳида Ибрагимова ўртасида Қорақалпоғистон Республикасининг барча туманларида хотин-қизлар учун молиявий саводхонликни ошириш бўйича тренингларини ташкил этиш, бухоролик асаларичи-тадбиркор Назира Рўзиева ҳамда Кегейли туманидан асаларичи Мира Нурманова билан ўзаро тажриба алмашиш борасида келишувларга эришилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармалари ўртасида гиламчиликни ривожлантириш, қашқадарёлик ҳунарманд уста Маҳлиё Маннонова ҳамда Ўзбекистон Республикаси ногиронлар жамиятининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими ўртасида “Мурувват” уйи тарбияланувчилари ишлаб чиқарган маҳсулотларини сотиб олиб, экспорт қилиш, Фарғона вилояти Риштон туманидан уста ҳунарманд, “Porcelion” масъулияти чекланган жамият раҳбари Муҳайё Сатторова ва Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети санъатшунослик факультети билан талабаларга амалиёт майдонини яратиш бўйича икки томонлама меморандумлар имзоланди.

Тадбирда тадбиркорлик соҳасида муваффақиятларга эришиб келаётган хотин-қизлар сўзга чиқиб, ўзларининг тажрибалари билан ўртоқлашди.

Довуд Абибуллаев,  

ЎзА мухбири