Автомашина эгасига қайтарилди

224

Қонунчиликда лизингга олинган мулк тўловлари тўлиқ тўлаб берилмагунга қадар лизингга берувчи шахснинг мулки бўлиб ҳисобланади. Агар лизингга олувчи шахс тўловларни ўз вақтида амалга ошириб бормаса, берган ташкилот мулкни қайтариб олиши ва бошқа харидорга сотиши мумкин.

Мажбурий ижро бюроси Чимбой туман бўлими иш юритувида мавжуд бўлган, Чимбой туманлараро иқтисодий судининг ажримига асосан “CHINA GROUP” масъулияти чекланган жамиятдан лизингга олинган жавобгар “SHIMBAY EXSPOKLASTER” масъулияти чекланган жамиятга тегишли “HOWO” русумли рефрижератор автомашинасини хатловга олиб қўйиш белгиланган. Суд ажрими ижросини таъминлаш мақсадида, жавобгар ташкилот жойлашган манзилга борилганида, хатланиши лозим бўлган автомашина ушбу манзилда йўқлиги аниқланган.

Мажбурий ижро бюроси Чимбой туман бўлими олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида қидирувдаги автомашина Нукус шаҳрида яшириб қўйилганлиги аниқланиб, тегишли тартибда хатловга олинди ва сақлаш учун лизинг ташкилоти вакилига топширилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири