Калифорния AҚШдан ажралиб чиқадими?

296

“Calexi” компанияси маълумотига қараганда, Калифорния маъмурияти штатнинг AҚШ таркибидан чиқишига овоз бериш тўғрисидаги петиция учун имзо тўплаш бўйича иш олиб бормоқда.

Калифорния давлат котиби Ширли Вебер айтишича, ташаббускорлар июль ойи охиригача 546 651 нафар имзо йиғиши лозим, деб ёзган “CBS News

2027 йилга келиб Калифорния мустақил давлат сифатида ўзини таъминлай олишини ўрганадиган, 20 аъзодан иборат комиссия тузилиши, кейинги йил шу ҳақда ҳисобот эълон қилиниши кўзда тутилган.

Котиб томонидан тасодифий танланадиган комиссарлар муайян талабга жавоб бериши керак. Масалан, рўйхатга олинган 100 нафар сайловчи томонидан кўрсатилиши, штат ҳудудида камида беш йил яшаган бўлиши шарт.

2028 йил ноябрга мўлжалланган овоз бериш бюллетенига қуйидаги савол қўйилади: Калифорния Қўшма Штатлардан ажралиб, эркин ва мустақил давлатга айланадими?

Сўров маъқулланиши AҚШга нисбатан ишончсизлик вотуми сифатида қабул қилинади. Тасдиқ учун камида 50 фоиз сайловчининг иштироки, 55 фоиз “ҳа” жавоби талаб этилади.

Ушбу ташаббус давлатга янги комиссияни сайлаш ва шакллантириш учун 10 миллион доллар, йиллик амалий фаолият учун 2 миллион долларга тушади.

Сан-Диего округида жойлашган Мустақил Калифорния институти штат мустақилликка эришиши мумкин, деб ҳисобламоқда. Муассаса аҳолининг 60 фоиздан кўпи “Кейинги 10 йилда Калифорния Қўшма Штатлардан тинч йўл билан ажралиб чиқса, яхши бўларди” деган фикрга қўшилган сўров натижасини эълон қилди.

Калифорнияда 40 миллиондан камроқ одам яшайди. Бу Канада аҳолиси билан, деярли, бир хил. Иқтисодий жиҳатдан эса штат шимол давлатидан кучлироқ: Канада 2,3 триллион доллар билан дунёда 9-ўринни эгаллайди, Калифорниянинг 3.9 триллион долларлик иқтисодиёти жаҳон бўйича 5-6-натижага тенг келади.

AҚШ ҳукумати калифорнияликлардан йилига 560 миллиард доллардан зиёд солиқ йиғади. Демак, эҳтимолий янги мамлакат мустақил равишда умумий солиқни оширмасдан, нафақат ҳарбийлар, балки федерал тарзда тўлиқ ёки қисман қопланадиган бошқа дастурларни молиялаштириш учун етарли пулга эга бўла олади.

Г.Сатторова, ЎзА