Футбол: Топ-5 чемпионатларида навбатдаги тур якунланди

Футбол оламининг энг қизиқарли мусобақаларидан бири бўлган Европанинг Англия, Испания, Италия, Франция ва Германия чемпионатларида навбатдаги тур учрашувлар якунланди.
Топ-5 чемпионатлари ичида ўзбек футбол мухлислари учун аҳамиятли бўлган биринчиликлар бор. Айниқса, Абдуқодир Ҳусановнинг “Манчестер Сити” клубига ўтиши Англия Премьер лигаси ва ушбу жамоага бўлган қизиқишни янада оширди.

Ўтган ҳафта якунида АПЛнинг 23-туридан ўрин олган “Ливерпуль” ва “Ипсвич” баҳсида 4:1 ҳисоби қайд этилди. Ўйинда Гакпо дубль муаллифига айланган бўлса, Салоҳ ҳамда Собослаи бир мартадан рақиб дарвозасини ишғол қилди. Гризв эса “Ипсвич”нинг ягона голини киритишга муваффақ бўлди. Бу ғалабадан сўнг “Ливерпуль” очколарини 53 тага етказди ва жадвалнинг энг юқори поғонасидан жой олди.

“Арсенал” бу турда сафарда “Вулверхэмптон”ни 1:0 ҳисобида таслим қилди. Ўйиндаги ягона гол Калафьори томонидан киритилди. Шу тариқа, Лондон жамоаси лигада 47 очко жамғариб, жадвалдаги иккинчи ўрнини янада мустаҳкамлади. Шунингдек, “Борнмут” ўз майдонида мусобақа пешқадамларидан бири бўлган “Ноттингем Форест” устидан 5:0 ҳисобида ғалабани қўлга киритди. “Ноттингем Форест” мағлубиятга учраган бўлса-да, 44 очко билан учинчи ўринда қолди.
Мазкур турда “Манчестер Сити” “Челси”ни 3:1 ҳисобида енгди ва очколари сонини 41 тага етказган ҳолда 4-поғонага кўтарилиб олди. “Челси” эса 40 очко билан 6-ўринга тушиб кетди.
Биз учун аҳамиятлиси, ушбу учрашувда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Абдуқодир Ҳусанов “Манчестер Сити”даги дебют ўйинини ўтказди. У учрашувни асосий таркибда бошлади ва 53 дақиқа ҳаракат қилди. Ўйин давомида сариқ карточка олишга ҳам улгурди. Албатта, Абдуқодир Ҳусанов мазкур ўйинда айрим хатоларга йўл қўйди, бироқ учрашувни ёмон ўтказмади.
Италия “А” сериясининг 22-турида “Рома” клуби сафарда ғалаба қозонди. Гап шундаки, мазкур турда Клаудио Раньери шогирдлари “Удинезе” меҳмони бўлиб, 2:1 ҳисобида иродали ғалабага эришди.
Учрашувда ҳамюртимиз Элдор Шомуродов иккинчи бўлимда майдонга тушди. Айнан футболчимизнинг ажойиб узатмасидан кейин Стефан Эл-Шарави рақиб жарима майдончаси ичида қулай вазиятга чиқди. Бироқ рақиблар уни ўйин қоидасини бузиб тўхтатди. Элдор Шомуродов ёрдамида вужудга келган ушбу вазият ўйиннинг кульминацион нуқтаси бўлди. Футболчимизнинг ўйиндаги ҳаракати мутахассислар томонидан 7 баллга баҳоланди.

Италия “А” серияси карвонбошиси “Наполи” бу турда “Ювентус”ни 2:1 ҳисобида енгди ва очколарини 53 тага етказиб олди. Иккинчи ўринда 50 очко билан бораётган “Интер” сафарда “Лечче”ни 4:0 ҳисобида таслим қилди. “Комо” меҳмони бўлган “Аталанта” 1:2 ҳисобидаги муваффақиятдан сўнг 46 очко билан учинчи поғонага жойлашди.
Испания Ла Лигасининг 21-туридан ўрин олган “Реал Мадрид” – “Вальядолид” баҳсида “қироллик клуби” 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. “Атлетико Мадрид” эса ўз уйида 1:1 ҳисобида “Вильярреал” билан дуранг ўйнади. “Барселона” ва “Валенсия” учрашуви 7:1 ҳисобида ўз якунига етди. Шу тариқа, мусобақада “Реал Мадрид” 49 очко билан барча рақибларини орта қолдираётган бўлса, “Атлетико Мадрид” 45, “Барселона” 42 очко билан кучли учликдан жой олди.

Франция чемпионатининг 19-турига келиб “ПСЖ” очко йўқотди. Париж шаҳри клуби ушбу турда “Реймс”га қарши ўйинда 1:1 ҳисобидаги дурангга имзо чекди. Айни вақтда парижликлар Франция чемпионати турнир жадвалида 47 очко билан пешқадам бўлиб турибди.
“Марсель” сафарда кутилмаганда “Ницца”га 2:0 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди ва 37 очко билан иккинчи ўринда қолди. “Монако” эса ўз уйида 3:2 ҳисобида “Ренн”ни енгди ва 34 очко билан кучли учликни якунлаб берди.

Бундеслига грандларидан бири “Бавария” сафарда “Фрайбург”ни 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратди. “РБ Лейпциг” эса “Байер” билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаган бўлса, “Хоффенхайм” ва “Айнтрахт” учрашуви ҳам шу ҳисобда якунланди. “Бавария” 19-тур якунларига кўра, 48 очко тўплади ва энг яқин таъқибчиси “Байер”дан 6, “Айнтрахт”дан 11 очко олдинга ўтиб кетди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА