ШҲТ Бош котиби кузатувчи мақоми кўриб чиқилаётган мамлакатларга изоҳ берди

196

ШҲТда кузатувчи ва мулоқот бўйича ҳамкор мақомига даъвогар сифатида Осиё ва ҳатто Африканинг турли минтақаларидаги бир неча давлат кўриб чиқиляпти, деди Ташкилот бош котиби Нурлан Ермекбаев “РИА Новости”га берган интервьюсида.

– ШҲТ, гарчи, Евросиё ташкилоти бўлса-да, ҳамкор ва кузатувчи мақомига даъвогар давлатлар Жанубий, Жануби-шарқий ва Ғарбий Осиёда, баъзилари, ҳатто, Африка қитъасида жойлашган, – деди у тузилмага тегишли ариза билан мурожаат қилган мамлакатлар рўйхатига ойдинлик киритаркан.

Унинг эслатишича, бугунги кунда навбатдаги мақомга эга бўлиш учун берилган 8 тагача ариза кўриб чиқилмоқда.

– Аслида, гап бунда ҳам эмас, чунки ким қайси мақомдалигидан қатъи назар, шериклар билан амалий ҳамкорликни ривожлантириш истагидамиз, – дея қўшимча қилди Ермекбаев.

Шунингдек, Бош котиб аъзо мамлакатлар доирасида визасиз саёҳат қилиш масаласига ҳам ойдинлик киритди:

– ШҲТ майдонида виза режимини юмшатиш ташкилот кун тартибидан ўрин олган. Бинобарин, барча аъзо давлатларга визасиз кириб-чиқиш масаласи ҳали пишиб етилмаган. Мавзу тегишли идоралар – биринчи навбатда туризм маъмуриятлари, ички ишлар вазирликлари, миграция хизматлари назоратида. Бутун минтақа бўйлаб эркин ҳаракатланиш масаласи ҳали муҳокама қилинмади. Шунга қарамай, виза тартибини либераллаштириш фаолиятимиз режасида белгиланган вазифалардан бири.

Таъкидланишича, бундай масалалар, жумладан, икки томонлама асосда ҳам ҳал этилмоқда. Кўпгина давлатлар аллақачон ўзаро визасиз саёҳат қилиш бўйича келишувга эришган.

С.Раҳимов, ЎзА