Лукашенко: Асосий вазифамиз – мамлакат парчаланиб кетишининг олдини олиш

195

Кеча Беларусда президентлик сайлови бўлиб ўтди. Республика Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, мазкур йирик сиёсий тадбирда овоз берувчиларнинг 85,70 фоизи иштирок этган. Давлат раҳбарлигига даъвогар сифатида беш номзод кураш олиб борди.

Якунда рақибларидан сезиларли устунликка эришган амалдаги етакчи Александр Лукашенко янги муддатдаги вазифаларга тўхталаркан, мамлакат парчаланишига йўл қўймаслик, ватанни келажак авлодлар учун сақлаб қолиш ва давлат тараққиётида узлуксизликни таъминлашга асосий эътибор қаратилишини таъкидлади.

– Мамлакатни фарзандларимиз, невараларимизга кучли, барқарор ва мустақил давлат сифатида етказишимиз керак, – деди у.

Таъкидланишича, беш йиллик давр охирига келиб, аҳолининг ярмидан кўпи янги авлод – суверен мамлакатда туғилган беларуслар бўлади:

– Тез орада мамлакатни бошқарадиган ёшларга мустақил, гуллаб-яшнаган, тинч Беларусни топширишимиз лозим. Бунинг учун кўп ҳаракат қилинди, лекин олдинда ҳали иш етарли.