Қорақалпоғистон Республикаси хабарлари – қисқа сатрларда

Шу кунларда Бош прокурор ўринбосари С.Самадов томонидан Қорақалпоғистон Республикасида қурилишга оид давлат дастурлари, бюджет харажатларини оптималлаштириш ва бошқа долзарб топшириқлар ижроси ўрганилмоқда.
Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 24 декабрдаги “2025 – 2027 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан жорий йилга ўтказилган объектлар кўздан кечирилиб, ишчи кучи ва махсус техникалар сонини кўпайтириш орқали қурилиш ишларини жадаллаштириш, энергия тежамкор қурилиш материалларидан фойдаланиш, ишларни ўз муддатида ва сифатли якунлаш бўйича топшириқ берилди.

Бундан ташқари, ҳудуддаги жорий йилдаги Инвестиция дастури объектларининг лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилиши қурилиш инспекцияси, эксплуатация ва экспертиза идоралари, буюртмачи ва лойиҳачи ташкилотлар масъуллари иштирокида муҳокама қилинди. Лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилишида ортиқча иш ҳажмларини киритмаслик, энергия тежамкор ускуналардан фойдаланиш, лойиҳаларни шаҳарсозлик нормалари қоидалари талаблари асосида ҳудуд аҳволидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқиш бўйича тавсия ва кўрсатмалар берилди.
***
Республика Маънавият ва маърифат маркази Элликқалъа туман бўлинмаси томонидан “Қошқўра” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 25-сонли умумтаълим мактабида “Камбағалликдан фаровон ҳаёт сари” шиори остида учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирда республика Маънавият ва маърифат маркази Элликқалъа туман бўлинмаси раҳбари A.Матниязова камбағалликни қисқартириш ишларини янги сифат босқичига олиб чиқиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишда илгари сурилган вазифаларга тўхталди. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг ҳар бир камбағал оилада, айниқса, хотин-қизлар орасидан камида битта олий маълумотли шахс бўлиши кераклиги ҳақидаги эзгу ғояларига асосланиб, оилаларда камбағалликнинг юзага келиш сабаблари, уни қисқартириш ва аҳоли даромад манбаларини шакллантириш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирди.
Бундай учрашувлар маҳаллада ижтимоий бирлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этиши алоҳида қайд этилди.
***
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда ер майдонини олиб беришни ваъда қилган фирибгарлар ушланди.

Фуқаро С.П. фуқаро А.К.нинг ишончига кириб, қалбаки ҳужжатлар асосида расмийлаштирилган Нукус шаҳри ҳудудидаги 3,6 сотих ер участкасини 170 миллион сўмга сотишга келишиб, ушбу пулларни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири