Республика ишчи гуруҳи Қорақалпоғистонда

198

Олий таълим ташкилотларини 2025 йилда ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ҳамда фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш юзасидан тузилган республика ишчи гуруҳи Қорақалпоғистон Республикасидаги олий таълим муассасаларида ўрганиш ишларини бошлади.

Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири, ишчи гуруҳи раҳбари Қўнғиротбой Шарипов Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида ҳудуддаги олий таълим муассасалари раҳбарлари билан йиғилиш ўтказди.

Унда вазир олий таълим муассасаларида ўқув жараёнини такомиллаштириш, рақамлаштириш ва таълим сифатини ошириш, илмий-тадқиқотларнинг натижадорлигини ошириш, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини кенгайтириш, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, талаба ёшларда тарбиявий ишлар тизимини такомиллаштириш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш масалаларига тўхталди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган йиғилишда барча ҳудудларда ўрганиш ишларини олиб бораётган ишчи гуруҳ аъзоларига тегишли топшириқлар берилди.

Шу куни Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги ҳамда Ёшлар академияси томонидан ёшларнинг илмий-инновацион ғоялари ва стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган “Бўлажак олим” илмий ғоялар танловида ғолиб деб топилган қорақалпоғистонлик ёшларни тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов иштирок этиб, танлов ғолибларини қутлади ҳамда сертификат ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш учун ажратилган пул маблағларини топширди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири