Дзюдо бўйича мураббий ва ҳакамларимиз учун махсус семинар ўтказилди

Ўзбекистон дзюдо федерациясида мамлакатимиз ҳакамлари ва мураббийлари учун дзюдо бўйича назарий ва амалий семинар ташкил этилди.
Жорий йилги Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) томонидан ўтказиладиган мусобақалар қоидаларига бир нечта ўзгаришлар киритилиши ҳақида хабар берилган эди ва бу янгиликлар бўйича Туркиянинг Истанбул шаҳрида махсус халқаро семинар ҳам ўтказилган.
Унда дунёнинг кўплаб давлатлари қаторида ўзбекистонлик бир гуруҳ рефери ҳамда мураббийларимиз ҳам иштирок этган эди. Улар орасида Ўзбекистон дзюдо федерацияси Ҳакамлар ҳайъати раиси Баҳодир Узакберганов ҳамда Олимпия тоифасидаги рефери Вячеслав Перетейко ҳам бор эди.

Айнан ушбу икки мутахассис пойтахтимизда ташкил этилган семинарда мураббий ва ҳакамларимизга Парижда ўтадиган «Катта Дубулға» турнирида амалиётга киритиладиган ўзгаришлар ҳақида атрофича маълумот берди.
Ўз навбатида мураббийларимиз полвонларимизга янги қоидалар ҳақида тушунча бериши ва
машғулотлар давомида амалда кўрсатишлари ҳақида айтилди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА