ЎФА раҳбарияти футбол бўйича Ёшлар терма жамоамиз билан учрашди

184

Жорий йилнинг 12 февраль кунидан 1 март кунига қадар Хитойда U20 ёш тоифасида футбол бўйича Осиё кубоги бўлиб ўтади.

Мазкур мусобақада Фарҳод Нишонов бошқарувидаги Ўзбекистон U20 терма жамоаси ҳам қатнашади. Жамоамиз кубок баҳсларида “С” гуруҳидан жой олган бўлиб, Индонезия, Яман ва Эрон термаларига қарши майдонга тушади.

ЎФА раҳбарияти ёшлар терма жамоамиз билан учрашди. Унда ЎФА биринчи вице-президенти, айни дамда ассоциация раиси вазифасини бажарувчи Равшан Эрматов футболчиларимиз олдида турган мазкур мусобақа ҳақида фикр билдирилиб, Ўзбекистон турнирнинг амалдаги ғолиби экани, терма жамоа бу гал ҳам мусобақада муносиб иштирок этган ҳолда Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритиши зарурлигини таъкидлади.

Бу борада ассоциация томонидан барча шароитлар ташкил этиб берилгани айтилди. Бир жамоа бўлиб, аҳилликда юқори натижа қайд этишларига ишонч билдирилди.

Шунингдек, учрашув давомида  жамоамизнинг бир қатор етакчи футболчилари ҳам фикрларини билдириб ўтди. Мураббийлар штаби билан жамоанинг айни пайтдаги ҳолати ва тайёргарлик жараёни ҳақида суҳбатлашилди. Тиббий штабга футболчиларнинг соғлиғи, тикланиши ва витаминизациялаш жараёни, шунингдек, футболчиларга юқори даражадаги тиббий ёрдам кўрсатиш амалиётини давом эттириш кўрсатмаси берилди.

Маълумот ўрнида: Ёшлар терма жамоамиз 27 январь куни мусобақа олдидан сўнгги йиғинни ўтказиш учун Хитойга жўнаб кетади.

Шу муносабат билан 27 январь куни  Фарҳод Нишонов ва футболчилар иштирокида матбуот анжумани ўтказилади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА