Украина ва Молдова етакчилари энергетика ҳамда минтақавий хавфсизлик масаласини муҳокама қилди

Молдова Президенти Майя Санду Киев шаҳрида Украина Президенти Владимир Зеленский билан учрашди, деб хабар берди “Deutsche Welle” нашри.
Украина етакчиси девони эълон қилган қўшма баёнотда икки давлат раҳбарлари Россия томонидан Приднестровье ҳудудига газ етказиб бериш тўхтатилганини қоралаган.
— Томонлар Приднестровье минтақаси аҳолисининг энергияга эҳтиёжини қондириш, инқироз янада кучайишига йўл қўймаслик ва асосий хизматларни тиклаш бўйича шошилинч, аниқ ечимлар тақдим этиш мажбуриятини тасдиқладилар, — дейилган ҳужжатда.
“moldovainform.md” хабар беришича, мулоқот чоғида 2024 йил октябрь-ноябрь ойларида ўтган президентлик сайлови ва мамлакатнинг Европа Иттифоқига қўшилиши бўйича референдум асносида “Россиянинг Молдовага қарши мисли кўрилмаган қўпорувчилик ва гибрид ҳужуми” қораланган.
— Бу минтақа ва бутун Европа барқарорлигига путур етказиш мақсадида демократик жараёнга тизимли равишда аралашиш ҳисобланади, — дея хулоса қилган суҳбатдошлар.
Зеленский ва Санду Россияга мурожаат қилиб, Украинадаги «вақтинча ишғол қилинган ҳудудлар ҳамда Приднестровье»дан қўшинини олиб чиқишни талаб қилган.