
Аграр соҳада энг долзарб муаммолардан бири муттасил шоли етиштирилиб келинаётган майдонларда тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорликни оширишдир.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутасаддилари Япониянинг аграр соҳада фаолият олиб борувчи бир гуруҳ ишбилармонлари билан учрашди.
Унда аграр соҳада икки томонлама манфаатли бўлган ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек, сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, турли зараркунандаларга қарши курашиш йўналишларида ҳамкорлик истиқболлари ҳақида сўз юритилди.
Учрашувда вазирлик масъуллари сўнгги йилларда мамлакатимиз қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, аграр тармоқда рақобатбардош бизнес муҳитини шакллантириш, соҳанинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш учун амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот бериб ўтди.
Шунингдек, учрашувда шоли ва бошқа дуккакли экинлар учун фойдаланиладиган, Японияда синовлардан муваффақиятли ўтган органик ўғитларни мамлакатимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, юртимиз аграр тармоғига Япония ва Филиппин тажрибасини қўллаш имкониятлари ҳақида ҳам турли таклифлар ўртага ташланди.
Япониялик тадбиркорлар мамлакатимиз аграр тармоғида инвесторлар учун яратилган қулай имкониятларни алоҳида эътироф этар экан, мамлакатимизда аграр соҳани, хусусан, шоличиликни ривожлантиришда Япония ва Филиппин тажрибасининг аҳамиятини ҳаётий мисоллар орқали очиб берди.
Мулоқот сўнгида томонлар дастлаб, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги илмий-тадқиқот институтлари томонидан япон компаниясининг органик ўғитларини синовдан ўтказиб кўриш ва синов натижаларидан келиб чиққан ҳолда ҳамкорлик қилишга келишди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА