Сенатнинг учинчи ялпи мажлисида “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги қонун муҳокамаси жараёнида Сенат Раиси Танзила Норбоева биз барқарор иқтисодий ўсиш орқали 2030 йилга бориб даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олишни мақсад қилганмиз, деб таъкидлади.

«Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг 5 та асосий ғоясидан бири бўлган ушбу мақсадга эришиш бўйича давлатимиз раҳбари бошчилигида тизимли ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга устувор аҳамият қаратилмоқда. Соҳа ва тармоқларни трансформация қилиш жараёнлари фаол амалга оширилмоқда. Ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятлари, ишга солинмаган имкониятларидан келиб чиқиб, катта-катта инвестициялар жалб этилмоқда. Мисол учун, жорий йилда Тошкент вилоятида 5 миллиард Наманганда 4 миллиард, Қашқадарёда 3,5 миллиард, Андижонда 3 миллиард доллардан зиёд инвестицияларни жалб этиш бўйича аниқ режалар белгилаб олинган.

– Аҳамиятли жиҳати шундаки, мазкур инвестициялар даромадли иш ўринлари сифатида аҳолининг турмуш фаровонлигига хизмат қилади, – деди Т.Норбоева. – Мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтириш, ижтимоий кафолатларни таъминлашда инвестицияларнинг аҳамияти жуда катта. Хабарингиз бор, яқинда Президентимиз ҳузурида мазкур йўналишдаги ишлар ҳолати алоҳида муҳокама қилинди. Ўтган йилда хорижий инвестиция 1,6 баробар ўсиб, қарийб 35 миллиард долларни ташкил қилгани айтилди. Тоғ-кон, нефть-газ, кимё, қишлоқ хўжалиги соҳаларида инвестиция 2 карра ошган. 50 та туманга 100 миллион доллардан кўп сармоя кириб келган. Айни пайтда айрим соҳа, тармоқ ва ҳудудларда инвестиция жалб этишга етарлича эътибор қаратилмаётгани ҳам танқид қилинди ва зарур чоралар кўрилди.

Халқ вакиллари сифатида биз ҳам бу ишларда фаол иштирок этяпмиз. Боёвут ва бошқа туманларда инвестициялар ҳажмини оширишга кўмаклашиш бўйича Сенат томонидан зарур ишлар амалга оширилди. Нимага деганда, ҳудуд манфаатлари биз учун устувор. Инвестициялар эса ҳудуд манфаатларига тўғридан-тўғри хизмат қилувчи муҳим омилдир. Шу маънода, “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги қонун бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришда, мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишда, инвесторлар учун замон талабларига мос барқарор ва қулай шарт-шароитлар яратишда муҳим ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилади. Қонунни қабул қилар эканмиз, юртимиздаги ислоҳотлар, улар қайси соҳага оид бўлишидан қатъий назар, БРМ билан уйғун эканлигини амалда яна бир бор намоён этган бўламиз. Сизларга маълумки, Ўзбекистон ҳозир Жаҳон савдо ташкилоти аъзолигига кириш бўйича ишларнинг якуний босқичларини олиб бормоқда. Ҳозир аъзо давлатлар билан жадал мулоқотлар олиб борилмоқда ва бу қонун ҳам ана шу ташкилотга аъзо бўлишимизга катта ҳисса қўшади. Бу эса жаҳон бозорида Ўзбекистоннинг фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилади, – деди Сенат Раиси.

Сенатор Ўктам Охунов қонунда инвестициялаш эркинлиги, бизнесни бошқариш эркинлиги, маблағларни эркин тасарруф этиш ҳамда ердан фойдаланиш имкониятини беришга доир кафолатлар белгиланаётганини таъкидлади. Эътиборли жиҳати шундаки, ердан фойдаланиш имкониятини бериш ҳамда кўчмас мулкни сотиб олиш ҳуқуқи кафолати алоҳида моддалар билан тўлдирилиб, чет эл инвестори ер участкасини 49 йилгача бўлган муддатга узоқ муддатли ижарага олиш ҳуқуқига эга бўлмоқда. Амалдаги қонунчиликда бу муддат 25 йил билан чекланган эди.

Сенатор Қувондиқ Санақулов қонуннинг эътиборли жиҳати – инвестиция фаолиятини асоссиз текширувлардан ҳимоя қилиш кафолати алоҳида модда билан тўлдирилгани эканини қайд этди. Назорат қилувчи органлар томонидан инвесторлар фаолиятининг текшируви ҳақида ваколатли давлат органини хабардор қилиш механизми белгиланмоқда. Эндиликда агар ваколатли давлат органи назорат қилувчи органлар асосланмаган ахборот тақдим этган деб ҳисобласа, ваколатли давлат органи ўз ваколатлари доирасида инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чораларини кўришга ҳақли бўлмоқда.

Сенатор Шуҳрат Асланов Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги республика иқтисодиётига чет эл инвестицияларини жалб этишга, чет эл инвесторлари учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган ягона давлат инвестиция сиёсатини амалга оширувчи ваколатли давлат органи этиб белгиланганини таъкидлади. Эндиликда инвестиция лойиҳалари тартибсиз, ихтиёрий равишда эмас, балки республика ижро этувчи ҳокимият органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган ташкилотлар томонидан ваколатли орган билан олдиндан келишилган холда ҳудудларнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳолатини инобатга олиб, қандай соҳаларда эҳтиёж ва салоҳият борлигини ўрганиш асносида амалга оширилиши назарда тутилмоқда.

Сенатор Анна Добрих қонун билан “инвестицияларни рағбатлантириш”, “инвестициявий низо”, “мувофиқлик сертификати”, “якка тартибдаги инвестиция фаолияти” ва “ягона дарча” тушунчалари киритилаётганига эътибор қаратди. Қонунда чет эл инвестицияларини ривожлантириш ва рағбатлантириш учун инвестицияларни ҳамда инвестиция фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш жараёнида чет эл инвесторлари билан ишлашда “ягона дарча” тамойили жорий этилиши назарда тутилмоқда. Эндиликда барча зарур лицензиялар ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш жараёнига кўмаклашиш мақсадида Инвесторлар маркази “ягона дарча” вазифаларини амалга оширади.

Сенатор Ҳусан Эрматовнинг қайд этишича, Президентимиз олға сурган “Инсон қадрини улуғлаш” ғоясини амалга ошириш нафақат иқтисодий, айни чоғда, ижтимоий ҳамда сиёсий барқарорликни таъминлашни тақозо этади. Бунда, инвестициялар жамиятни барқарор ривожлантиришнинг бош манбаларидан бири бўлади, десак, муболаға бўлмайди. Қонунда инвестиция фаолиятини амалга ошириш ижтимоий мақсадларга мувофиқ бўлишини, шу жумладан, аҳолининг соғлиғини, миллий хавфсизликни, атроф-муҳитнинг муҳофаза қилинишини, чекланган табиий ресурсларнинг сақланишини, меҳнатнинг муҳофаза қилинишини таъминлаш асосий мақсадларидан бири этиб белгиланмоқда. Қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда инвестициявий муҳитнинг янада яхшиланишига, иқтисодиётнинг барқарор ўсишига хизмат қилади.

Норгул Абдураимова, ЎзА