6 та тиббиёт институтида “Клиник психология” мутахассислиги бўйича 2 йиллик магистратура йўналиши очилади

299

Мамлакатимизда аҳоли руҳий саломатлигини сақлаш борасида кенг кўламли ишлар қилинмоқда. Боиси, бугунги шиддат билан ривожланаётган замонда инсоннинг руҳий саломатлиги ҳар қачонгиданда долзарб аҳамият касб этади.

Президентимизнинг 2023 йил 19 июндаги “Аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори руҳий ҳолат бузилишини эрта аниқлаш, аҳолига тиббий-психологик ва психиатрик ёрдам кўрсатиш тизимини самарали йўлга қўйишда муҳим дастуриламал бўлаётир.

Шунингдек, ўтган йили қабул қилинган “Аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонунга асосан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруғи ишлаб чиқилган бўлиб, амалиётга татбиқ этилмоқда.

Пойтахтимизда бўлиб ўтган “Ўзбекистонда нейропсихология ва клиник психологиянинг долзарб муаммолари” мавзуидаги халқаро анжуманда таъкидланганидек, булардан кўзланган мақсад ягона, яъни тиббиётдан узоқлашиб қолган умумий психологлар фаолиятини тизимга яқинлаштиришдан иборатдир. Ўтган даврда бу борада дадил қадамлар ташланди ва муайян натижалар қўлга киритилди.

Жумладан, мамлакатимиз тиббиёт олий ўқув юртларида “Клиник психология” бўйича магистратура йўналишини очиш масаласи айни пайтда кўриб чиқилмоқда. У йўлга қўйилгач, “Умумий психология” бўйича бошқа университет ва институтлар бакалавриат босқичини тамомлаган ёшлар ўқишни тиббиёт олий таълим муассасаларида давом эттириши мумкин бўлади.

Айни мақсадда 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб 6 та тиббиёт институтида “Клиник психология” мутахассислиги бўйича 2 йиллик магистратура йўналиши очилади. Бу орқали соғлиқни сақлаш тизими учун етишмаётган 3 минг нафар клиник психологни тайёрлаш кўзда тутилган.

Тадбирда тиббий ва клиник психология ҳамда психосоматик тиббиёт йўналишида ёшларни хорижий давлатларнинг етакчи илмий марказларида ўқитиш ишлари йўлга қўйилаётгани ҳам урғуланди. Масалан, Париждаги Олий психомотор реабилитация институтида бир гуруҳ ёшларимиз малака ошириб, психомотор терапия ҳамда реабилитация бўйича махсус кўникмаларга эга бўлиб қайтди.

Эндиги босқичда эса йилига 25 нафар ёш магистрни ушбу нуфузли таълим масканида ўқитиш режалаштирилмоқда.

Моҳигул Қосимова, ЎзА