Электр энергиясини тежаш борасидаги ишлар ўрганилди
Қорақалпоғистон Республикаси сув хўжалиги вазирлиги томонидан электр энергиясини тежаш, қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.
Тадбир иштирокчилари Нукус туманида жойлашган “Каттагар-котлаван” насос станциясида бўлиб, амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 июндаги “Энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида мазкур насос станциясига соатига 110 кВт электр энергия сарфлайдиган насос агрегати ўрнига замонавий кам қувватда ишлайдиган қувватлилиги соатига 22,5 кВт бўлган 3 дона “Шимге” насос агрегати ўрнатилди. Ушбу насос агрегатларининг ўрнатилиши натижасида соатига 87,5 кВт электр энергия иқтисод қилинади.
Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармасида режалаштирилган чора-тадбирлар доирасида насос агрегатларини босқичма-босқич янгисига алмаштириш ва сув чиқариш қобилиятини ошириш орқали энергия тежамкорликка эришиш бўйича Хўжайли, Тахиатош, Чимбой, Қораўзак, Кегайли туманларида 1 тадан, Қўнғирот туманида 2 та, жами 7 та насос агрегати янгисига алмаштирилди.
Бундан ташқари электродвигателларнинг фойдали иш коэффициентини ошириш бўйича Бўзатов, Қўнғирот, Тахиатош, Қораўзак, Кегайли ва Амударё туманларида битта, жами 6 дона электр двигател янгисига алмаштирилиб, 189 минг 789,2 кВт соат электр энергияси тежалди. Шунингдек, насос станцияларининг электр энергиясига ўз эҳтиёжи (хусусий эҳтиёжи) учун Хўжайли туманида 2(4 кВт), Кегейли туманида 1 (4 кВт), жами 3 дона (8 кВт) қуёш панели ўрнатилди ва ушбу насос станцияларининг ўз эҳтиёжига (ёритиш, ёрдамчи ускуналарга сарфланадиган энергия) сарфланиб турган 5 минг 184 кВт соат электр энергияси иқтисод қилинишига эришилди.
Соҳа мутахассисларининг таъкидлашича, жорий йилда грант асосида Оролбўйининг сув таъминоти оғир бўлган Тахтакўпир, Қораўзак ва Чимбой туманларига соатига 110 кВт электр энергиясини сарфлайдиган насос агрегатининг ўрнига замонавий кам қувватда ишлайдиган 6 дона “Шимге” насос агрегатини ўрнатиш режалаштирилмоқда. Ушбу агрегатлар ўрнатилса, йилига 459 минг 900 кВт электр энергиясининг яъни 459 миллион 900 минг сўм маблағ тежалишига эришилади.
Насос агрегатларини босқичма-босқич янгисига алмаштириш ва сув чиқариш қобилиятини ошириш орқали энергия тежамкорликка эришиш бўйича 6 та насос агрегати, 7 дона электр двигатель, 16 дона қуёш панели, 5 дона конденсатор қурилмаси, 7 дона частота ўзгартирувчи ва 1 дона қуёш сув иситиш қурилмасини ўрнатиш режалаштирилмоқда. Бу эса 484 минг 795 кВт электр энергиясини тежаш имконини беради. Насос станцияларини ташқи инвестициялар ёрдамида модернизация қилиш бўйича насос станцияларидаги насос агрегатлари, қувурлар, электр жиҳозларини замонавийларига алмаштириш бўйича Хитой Халқ Республикасининг “One Cloud China Tech Company” компанияси билан музокаралар олиб борилмоқда. Хитойдан келган мутахассислар томонидан насос станциялари фаолияти ўрганиб чиқилди ва бирламчи ҳисоб-китоблар тайёрланди.
Тадбир иштирокчилари ҳудуддаги насос агрегатлари ва электр тежовчи ускуналар билан яқиндан танишди ва бу борада ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА