Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти Испания кўргазмасида намойиш этилмоқда

150

Ўзбекистон делегацияси Мадридда ўз ишини бошлаган “FITUR” халқаро сайёҳлик кўргазмасида иштирок этмоқда. Ушбу муҳим тадбир дунёнинг турли мамлакатларидан туризм соҳаси мутахассислари ва саёҳат ишқибозларини бирлаштирди.

“FITUR” – энг йирик халқаро ярмаркалардан бири. Кўргазмада ҳар йили туризм соҳасининг барча йўналишлари вакиллари туроператорлар, сайёҳлик агентликлари, меҳмонхоналар, ташувчилар, туризм бўйича идоралар, хизмат кўрсатувчи компаниялар ва бошқалар иштирок этади.

Ўзбекистон мазкур халқаро кўргазмада 2005 йилдан бери қатнашиб келмоқда. 2015 йилги ярмаркада мамлакатимиз миллий стенди “Энг яхши стенд” мақомига сазовор бўлган.

Ўзбекистон миллий стендида мамлакатимиз салоҳиятини хорижда оммалаштириш ва хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида компанияларимизнинг сайёҳлик маҳсулотлари, жумладан, янги йўналишлар ва турпакетлар намойиш этилмоқда. Кўргазмада ўзбек миллий мусиқаси, халқ оғзаки ижоди ва рақслари кенг тарғиб қилинмоқда. Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ва сайёҳлик имкониятларини намойиш этувчи материаллар тақдим этилмоқда.

Шуни таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон делегацияси халқаро туроператорлар билан ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Б2Б ва Б2Г учрашувларини, шунингдек, чет эл делегациялари раҳбарлари ҳамда жаҳон сайёҳлик соҳаси вакиллари билан музокараларни фаол ўтказмоқда. Ушбу нуфузли тадбир Ўзбекистоннинг Европадаги устувор сайёҳлик йўналиши сифатида илгари сурилиши ва сайёҳлар оқимини ошириш учун янги платформа бўлиб хизмат қилади.

“FITUR” кўргазмаси 26 январга қадар давом этади.

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА