Сенат ва маҳаллий кенгашлар – ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси
Сенат ялпи мажлисида аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш, уларни ташвишга солаётган масалаларнинг ижобий ҳал этилишига кўмаклашиш – ҳудудларни ривожлантириш борасидаги ишларнинг муҳим таркибий қисми экани қайд этилди.
Сенаторлар жойларда бўлиб, ушбу йўналишда фаол иш олиб бормоқда. Хусусан, қўмита раиси Қутбиддин Бурхонов ўзлари сайланган Андижон вилояти Избоскан туманидаги Гудур ва Тошлоқ маҳаллалари аҳолиси билан учрашиб, уларни суюлтирилган газ билан таъминлашдаги кечикишлар бартараф этилишида фаоллик кўрсатган. Шу пайтга қадар туманда атиги 7 машинада газ баллонлари тарқатилган бўлса, (бу эса кечикишларга сабаб бўлган) сенаторнинг саъй-ҳаракатлари билан машиналар сони 2 бараварга оширилиб, газ таъминотидаги кечикишлар бартараф этилган.
Шунингдек, ушбу маҳаллалардан ўтувчи йўлнинг 6 км қисмини таъмирлаш ҳамда электр устунларини тартибли жойлаштириш билан боғлиқ масалаларга ҳам сенаторнинг талабчанлиги билан ижобий ечим топилди.

Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳаким Эшмуратовнинг Сурхондарё вилоятидаги автомактаблар фаолиятидаги муаммолар юзасидан Ички ишлар вазирлигига юборган сўрови бўйича ҳам амалий ишлар қилинган. Ушбу сўров Ички ишлар вазирлиги томонидан чуқур ўрганилиб, 3 та автомактабга лицензия берилди.
– Бу каби муаммолар бошқа сенаторларимизнинг ҳам доимий диққат-марказида бўлиши ва ўз ваколатларидан самарали фойдаланган ҳолда уларни ҳал этиш чораларини кўриб боришлари лозим, – деди Сенат Раиси Танзила Норбоева. – Бир жиҳатга алоҳида эътибор қилишингизни истардим: биз қайси йўналишда иш олиб бормайлик ёки қандай натижага эришмайлик, ҳаммаси ҳудудларда амалга оширилади ва ўз-ўзидан ҳудудлар манфаатларига хизмат қилади. Ўз навбатида, ҳудудлар билан узвий ва самарали ҳамкорликни йўлга қўймай туриб ёки ҳудудларнинг ўзида масъулият, фаоллик бўлмаса, кутилган натижага эриша олмаймиз. Сенатнинг ярим йиллик иш режаси барча ҳудудларга етказилади. Чунки, унда белгиланган деярли барча вазифаларни биргаликда амалга оширамиз. Сенат ва маҳаллий кенгашлар бир-бирини тўлдириши, ёндашувларимиз бир хил бўлиши керак.
Умуман олганда, Сенат ва маҳаллий кенгашлар Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида Президент бошчилигидаги ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси, халқимиз ҳаётини яхшилаш, ҳудудларимиз манфаатларини ифода этиш ва кенг маънода тараққиётимизга хизмат қилувчи муҳокамалар, ғоя ва ташаббуслар майдони бўлиши керак.
Норгул Абдураимова,
Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА