Инвестициялар жалб этиш, саноатни ривожлантириш – ижтимоий масалаларни ҳал қилишда жуда муҳим

Сенат ялпи мажлисида ҳудудларни ривожлантириш масалалари доимий эътиборда экани алоҳида таъкидланди.
– Яқинда Бюджет ва иқтисодий масалалар, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари ҳамда Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмиталарининг қўшма мажлисида Андижон, Жиззах, Наманган ва Хоразм вилоятларида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар ҳолати юзасидан ҳудуд раҳбарларининг ахборотлари эшитилди, – деди Сенат Раиси Танзила Норбоева. – Инвестициялар жалб этиш, саноатни ривожлантириш масалалари бўйича зарур кўрсатмалар берилди. Зеро, мазкур йўналишлар долзарб ижтимоий масалаларни ҳам самарали ҳал қилиш, айниқса, камбағалликни қисқартиришда ниҳоятда муҳим. Бу борада, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан йўлга қўйилган Сайхунобод, Уйчи, Зарбдор, Ғиждувон тажрибалари яхши самара бермоқда. Шу жумладан, камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш бўйича “Қўшработ тажрибаси”ни оммалаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу бўйича Самарқанд вилояти ва бевосита Қўшработ тумани раҳбарияти Сенатда тақдимот қилиши белгиланган. Кейинчалик Сенат қўмиталари, маҳаллий кенгашлар ҳамда ҳудуд мутасаддилари билан биргаликда белгиланган мақсадларга эришиш, ҳудуд ва республика даражасидаги масалаларни ҳал қилишда кўмаклашиш ҳамда ижобий тажрибаларни бошқа ҳудудларга ҳам жорий қилиш бўйича биргаликда иш олиб борилади.

Куни кеча пойтахтнинг Яккасарой туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш бўйича белгиланган вазифалар ижроси муҳокама қилинди.
Ҳукуматнинг 2024 йил февралдаги қарорига асосан 2024 -2026 йилларда туманда 14,4 триллион сўмлик 97 лойиҳани амалга ошириш белгиланган.
Айни кунларда Сирдарё вилоятининг Боёвут туманини ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб қилишда янги лойиҳалар пакетини шакллантириш ишларига кўмаклашилмоқда. (Кейинчалик Олот, Бўстон, Яккасарой, Каттақўрғон туманларига ўтилади).
Умуман, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига алоҳида туманлар миқёсида ёндашилаётгани лойиҳалар ва тажрибалар самарасини тезроқ ва аниқроқ баҳолаш имконини беради, шунингдек, ижобий тажрибалар асосида бошқа ҳудудларни ҳам ривожлантиришга замин яратади.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат),
ЎзА