Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг илмий асосланганлик даражасини оширишга эътибор кучайтирилади

193

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг илмий асосланганлик даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ:

а) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари:

қонун лойиҳалари бўйича – тегишли соҳадаги давлат экспертлик илмий- тадқиқот муассасалари томонидан беғараз асосда;

қонуности ҳужжатлари лойиҳалари бўйича – тегищли соҳадаги давлат экспертлик илмий-тадқиқот муассасалари, давлат илмий-тадқиқот муассасалари ҳамда давлат олий таълим муассасалари томонидан келишув асосида илмий экспертизадан ўтказилади;

б) норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини илмий экспертизадан ўтказиш натижалари бўйича хулоса тавсиявий хусусиятга эга бўлиб, хулоса лойиҳани ишлаб чиқувчи ташкилот томонидан кўриб чиқилади;

в) лойиҳани ишлаб чиқувчи ташкилот илмий экспертиза хулосасида кўрсатилган таклиф, эътироз ва фикр-мулоҳазалар ёки уларнинг бир қисмини инобатга олмаган тақдирда, улар юзасидан тегишли тушунтиришлар берилган ҳолда келишмовчиликлар жадвалини тайёрлайди.

Қарорга кўра, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизимида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини илмий экспертизадан ўтказувчи тегишли соҳадаги давлат экспертлик илмий-тадқиқот муассасалари, давлат илмий-тадқиқот муассасалари ҳамда давлат олий таълим муассасаларининг электрон реестри юритилади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг илмий экспертизаси натижалари бўйича хулоса Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими орқали тақдим этилади.

Қарор билан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини илмий экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом ҳам тасдиқланди.

ЎзА