Сенатнинг қонун ижодкорлигидаги ташаббускорлиги кучайтирилади

199

Сенат ялпи мажлисида мамлакатимиз тараққиётининг бугунги босқичидаги долзарб вазифалар, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясидаги мақсадларга эътибор қаратилди.

Сенат Раиси бу масалада фикр билдириб, Президентимизнинг парламент аъзолари билан учрашувларида берган кўрсатмаларидан келиб чиқиб, Сенатнинг жорий йил биринчи ярмига мўлжалланган иш режаси шакллантирилганини қайд этди.

– Фаолиятимизнинг энг асосий йўналишлари бўйича 100 дан ортиқ чора-тадбирлар ва уларни амалга оширишнинг аниқ механизмлари белгиланди, – деди Танзила Норбоева. – Энг аввало, янги Конституцияга мувофиқ, Сенатнинг қонун ижодкорлигидаги роли ва ташаббускорлиги кучайтирилади. Жамият ва давлат ҳаётига оид муҳим масалаларни ҳал этиш бўйича қонунчилик таклифлари илгари сурилади. Бунда, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгариши, оила, аҳоли саломатлигини сақлаш, болаларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш, туризм, қурилиш соҳаларини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Парламент назорати доирасида 50 га яқин долзарб ижтимоий-иқтисодий масалалар юзасидан ўрганиш ва таҳлиллар ўтказиш режалаштирилган.

Асосий эътибор ҳудудларга, яъни вилоят, туман, шаҳар, маҳаллаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инвестиция, тадбиркорлик, камбағалликни қисқартириш, бандлик (айниқса, норасмий бандликни қисқартириш), таълим, тиббиёт, ижтимоий ҳимоя, инсон ҳуқуқлари, коррупцияга қарши курашиш, ташқи ва ички меҳнат миграциясини тартибга солиш билан боғлиқ муҳим масалаларга қаратилади.

Бунда, фақатгина назорат билан чекланилмаслиги, ўрганишлар, таҳлиллар орқали асосланган таклифлар ишлаб чиқилиши таъкидланди. Мавжуд муаммоларни ҳал қилишда вазирлик, идора ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига кўмаклашиб борилади.

Ҳар бир ҳудудда биттадан фаолияти намунали йўлга қўйиладиган туман (шаҳар) кенгаши белгилаб олинди. Уларнинг тажрибаси асосида йил якунига қадар барча туман (шаҳар) кенгашлари фаолиятини намунали ташкил этиш чоралари кўрилади.

Умуман олганда, маҳаллий кенгашлар фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш Концепцияси қабул қилинади ва бу борадаги барча ишлар ушбу ҳужжатга таянган ҳолда тизимли давом эттирилади.

Муҳим йўналишлардан бири бўлган халқаро алоқаларни янада фаоллаштириш, парламентлараро ҳамкорлик кўламини кенгайтириш борасида ҳам 20 га яқин чора-тадбир белгилаб олинди.

Сенат Раиси Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси апрель ойида юртимизда ўтказилиши, бундай глобал кўламдаги тадбир илк бор ўтказилишини эътиборга олиб, уни ҳар томонлама юқори савияда ўтказиш учун барча зарур чора-тадбирлар кўрилаётганини айтиб ўтди. Олий даражада эришилган келишувлар ижросида парламентнинг фаол иштироки ва назоратини таъминлаш бўйича хорижий давлатларнинг қонун чиқарувчи органлари билан ҳамкорлик ҳам изчил давом эттирилади. Икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш, миллий маҳсулотлар экспорти ҳажмини ошириш ва туризм фаолиятига кўмаклашиш борасида  мамлакатимизнинг чет давлатлардаги 36 дипломатик ваколатхона раҳбарининг ҳисоботлари эшитилади.

Норгул Абдураимова,  

Носир Ҳайдаров (сурат),  

ЎзА