“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ “Call-center”ларда сунъий интеллектни жорий қилади (+видео)

291

Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан соҳада рақамлаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар: мавжуд муаммолар ва келгуси режалар” мавзусига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Соҳа мутахассислари, кенг жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирок этган ушбу тадбирда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ “Электр энергиясини автоматлаштириш маркази” филиали директор ўринбосари Диёрбек Нишонов ва ахборот хизмати раҳбари Фахриддин Нуралиев рақамлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва келгуси режалар ҳақида батафсил маълумот берди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда соҳага рақамлаштириш жараёнларини кенг татбиқ этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та фармон ва қарори қабул қилинган бўлиб, улар ижросига асосан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан 15 та асосий устувор лойиҳа амалга оширилиши белгиланган.

Айни пайтда 9 та лойиҳа, хусусан, “Биллинг” тизими, “Call-center”ни рақамлаштириш, “CRM” дастури, истеъмолчиларнинг “Шахсий кабинети” ва мобил иловаси, Электрон ҳужжат айланиш тизими (ЭДО), Корпоратив маълумотларни сақлаш (DWH) ва таҳлилий платформаси (BI), “Энергетикнинг виртуал иш столи“ лойиҳаси – Янги қурилиш, модернизация ва реконструкция жараёнларини автоматлаштириш, “Электрон далолатнома” дастури – Геоинформацион тизим тўлиқ ишга туширилди. Шунингдек, яна 6 та янги лойиҳа ишлаб чиқилмоқда.

2025 йилга қадар рақамли омбор дастури, харид тизимини рақамлаштириш, технологик жараёнларни автоматлаштириш (SCADA) ва сунъий интеллектдан фойдаланишни қамраб олувчи янги лойиҳалар амалиётга жорий этилиши режалаштирилган.
Диёрбек Нишоновнинг таъкидлашича, жамият бу йил “Call-center”ларда сунъий интеллектни жорий қилади. Айни кунларда бу борада ишлар давом эттирилмоқда.

– Ҳозирда ишга туширилган “HET BILLING” мобил иловаси орқали истеъмолчилар ўз электр энергияси истеъмоли, кунлик сарф ва тўловлар ҳақида онлайн маълумот олиш имконига эга. Илова Android ва iOS платформалари учун бепул тақдим этилган. Шунингдек, жисмоний ва юридик шахслар учун “E-dalolatnoma” тизими ҳам амалиётга жорий этилган. “Энергетикнинг виртуал иш столи” ва геоинформацион тизимлар орқали техник топшириқларни электрон тарзда шакллантириш ва кўриб чиқиш жараёни осонлаштирилди. Янги “Биллинг” тизими истеъмолчиларга техник шартларни онлайн тарзда олиш, электр тармоқларига уланиш нуқталарини автоматик танлаш имкониятини беради. Истеъмолчилар учун қўшимча қулайлик сифатида табиий газ, сув, электр энергияси ҳисоблагичларининг қиёслаш сертификати муддатлари, қарздорлик ҳолати ва бошқа маълумотлар ҳақида СМС-хабарнома хизмати йўлга қўйилди, –деди Д. Нишонов.

Тадбирда мутахассислар рақамлаштириш жараёнларини янада такомиллаштириш, янги технологияларни жорий этиш ва истеъмолчилар учун замонавий хизматлар кўрсатиш йўлида барча чора-тадбирлар амалга оширилишини қайд этди.

Н.Зиёдуллаева, А.Содиқов (видео), А.Аҳмедов (видео+монтаж), ЎзА